Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик тадбиркорлар Уфада бизнес-форум ўтказади

Вилоят ҳокими Э.Турдимов Бошқирдистон Республикаси савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат қўмитаси раиси Алексей Гусев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Вилоят ҳокимлигида ўтган учрашувда Самарқанд ва Бошқирдистон ўртасида қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Э.Турдимов 2019 йил декабрь ойида Самарқанд вилояти делагациясининг Бошқирдистонга ташрифи самарали бўлганини қайд этиб, сафар чоғида имзоланган 23 миллион долларлик экспорт шартномалари жорий йилда муваффақиятли амалга ошишига ишонч таъкидлади. Шунингдек, икки томонлама манфаатли алоқалар турли соҳаларда ҳам изчил ривожланиб боришига умид билдирди.

Учрашувда Алексей Гусев бошқирдистонлик раҳбар ва тадбиркорларнинг Самарқандга бу галги ташрифи нафақат қишлоқ хўжалигида кластерлар ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, балки боғдорчиликни ўрганишда мутахассисларнинг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйишга қаратилганини таъкидлади. Бу борада вилоятимизда тўпланган тажриба эътироф этилди.

Меҳмонлар жорий йилнинг март ойида Бошқирдистонда ўтказиладиган агросаноат форумида самарқандлик тадбиркорларнинг ҳам иштирок этишини ҳамда Уфада вилоят вакилларининг бизнес-форум ўтказишини таклиф қилди.

Э.Турдимов икки томон манфаатларига хизмат қилувчи бизнес ғояларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Б.МУСТАНОВ.