СамДАҚИ жойлашган ҳудудда китоб дўкони йўқ

 

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Фазлиддин Ғайбуллаев “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида Самарқанд архитектура-қурилиш институти академик лицейи ўқувчилари муаммоларини ўрганди.

Учрашувда лицей ўқитувчилари ва ўқувчилар томонидан депутатга 10 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Жумладан, таълим муассасасининг биринчи босқич ўқувчиси Райҳона Раббимова ҳудуддаги транспорт билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам сўради.

- Мен “Ҳазора деҳқон бозори” атрофидаги маҳаллада яшайман. Илгари 79-йўналишли автобус уйимизнинг олдидан таълим даргоҳимизга келарди. Ҳозирда ушбу йўналишли автобус қатнамаяпти. Лицейга келгунча иккита автобус алмашиб, сарсон бўляпмиз, - деди Р.Раббимова.

Лицей ўқитувчиси Муқаддас Абдуҳакимова эса ҳудудда китоб дўкони йўқлигидан шикоят қилди.

- Лицей шаҳарнинг чеккасида жойлашганига қарамасдан, бугун бу ер талабалар шаҳарчасига айланган. 2 та олий, 3 та ўрта махсус билим юртлари жойлашган ҳудудда бирорта ҳам китоб дўкони йўқ, - деди М.Абдуҳакимова. – Ўқувчилар дарслик ёки адабиётлар сотиб олиш учун шаҳар марказига кетишса, улардан хавотир оламан.

Учрашувда йўлларни таъмирлаш, чорраҳаларга светофор ўртаниш каби масалалар бўйича ҳам мурожаатлар билдирилди. Мазкур мурожаатлар юзасидан депутат тегишли ташкилотларга сўров юборадиган бўлди.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.

Бахтигул ҚАРШИЕВА.