Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сартепадаги заҳарланиш бошқа жойда кузатилмайдими?

– Самарқанд шаҳри Сартепа мавзесидаги хот-дог тайёрлаб сотиш дўконида қайд этилган оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича мутахассисларимиз томонидан дастлабки эпидемиологик суриштирув ўтказилди, – дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бўлим мудири Азизбек Аҳроров. – Фуқаролар сабзи салат, қайнатилган колбаса, қайнатилган тухум, кетчуп ҳамда қўлбола майонез солинган хот-догни истеъмол қилиши натижасида заҳарланиш ҳолатини бошидан кечирган. Маълум бўлишича, дўконда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний савдо ташкил этилган бўлиб, маҳсулот сақлаш қоидаларига риоя этилмаган. Иссиқ ва совуқ сув таъминоти йўқ. Сотувчилар тиббий кўрикдан ўтмаган ва махсус кийимларсиз фаолият юритган. Бу сохта тадбиркорга энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима солиниб, унинг ноқонуний савдо фаолияти тўхтатилди.

Вилоят ДСЭНМ аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолатининг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги 23 та "фаст-фуд" таомлар, жумладан, хот-дог тайёрлаб сотувчи шохобчалар фаолиятини ўрганиш давомида олтита шохобчадан 21 литр қўлбола майонез, 14 литр томат соуси, 8 килограмм сабзи салати истеъмолдан олиниб, йўқ қилинди. Юзга яқин шохобчага санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиниши ҳақида тиббий маслаҳат ва тавсияномалар берилди.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ўткир ичак инфекциясига чалинган бемор болалар учун 300 та ўрин, катталар учун эса 50 та ўрин ажратилган. Муассасага мурожаат қилган ҳар бир бемордан олинган намуналар бактериологик, умумий клиник, иммунологик, биокимёвий, серологик, гематологик ва бошқа қатор таҳлиллардан ўтказилади. Тажрибали шифокор-мутахассислар томонидан ташхис қўйилгач, самарали даволаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, шифохонада бир марталик ишлатиладиган тиббий жиҳоз ва дори-дармон воситалари захираси шакллантирилган.

– Сўнгги пайтларда шифохонамизга мурожаат қилаётган беморлар орасида ботулизм касаллиги билан оғриганлар ҳам учраб туради, – дейди вилоят юқумли касалликлар шифохонаси врач-инфекционисти Лола Турсунқулова. – Сартепадаги хот-догдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича 27 киши мурожаат қилган эди. Улар зудлик билан шифокорлар кўригидан ўтказилиб, лаборатория таҳлиллари олинди. Даво муолажалари амалга оширилгач, беморларга уйига жавоб бериб юборилди.

Хўш, ботулизмнинг ўзи қандай касаллик? Унинг келиб чиқишига нима сабаб бўлади? Унга чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш керак?

– Бу касаллик ўткир юқумли ичак касаллиги бўлиб, орқа мия ҳамда узунчоқ миянинг зарарланишига хос белгилари билан таърифланадиган овқатдан заҳарланишдир, – дейди Лола Турсунқулова. – Унинг қўзғатувчиси анаэроб бактериялар бўлиб, юртимизда ботулизмнинг бир неча тури учрайди. Оддий уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрлари ва шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаслиги натижасида консервадаги ботулизм споралари ўта хавфли токсинлар ишлаб чиқаради. Унга чалинган беморда ҳолсизланиш, бош оғриғи, уйқунинг бузилиши, қайт қилиш, ич кетиш каби белгилар пайдо бўлади. Энг қулай даволаш усули беморга антитоксин зардоби юборишдир. Бу касаллик ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса, анча енгил кечиши мумкин. Уни уй шароитида даволаб бўлмайди.

Касалликнинг олдини олиш учун аввало, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш лозим. Шунингдек, уй шароитида помидор, бодринг, бақлажон икраси каби консерва тайёрлаш тавсия этилмайди. Кўча-кўйда, ноқонуний савдо расталарида сотилаётган консерваларни харид қилмаслик керак.

Дилмурод ТЎХТАЕВ

тайёрлади.