Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТИВ Россияда 50 киши ҳаётини қутқариб қолган ўзбекистонлик ҳақида баёнот берди

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси 1 декабр куни шаҳарнинг Приморское шоссесида ичида тахминан 50 нафар йўловчи бўлган 211-йўналишдаги автобус ёниб кетгани тўғрисида ОАВда тарқалган хабарни тасдиқлади, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Автобус ҳайдовчиси - Ўзбекистон фуқароси Абдуманнон Қаршиевнинг тезкор ва тўғри ҳаракатлари туфайли ҳеч ким жабрланмаган.

Қаршиев автобус ҳайдовчиси сифатида "Третий парк" ОАЖда 2016 йилдан буён меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.

Хабарларга кўра, автобус стандарт йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган бўлган. Ҳайдовчи орқани кўрсатувчи кўзгудан қора тутунни кўриб тўхтаган. Барча эшикларни очиб, эвакуация эълон қилган. Йўловчилар саросимага тушмай, автобусдан чиқишга муваффақ бўлишган, улардан ҳеч ким жароҳатланмаган.

Ҳайдовчи эса ўт ўчириш воситаси орқали алангани мустақил бостиришга ҳаракат қилган.

Компанияда ушбу жасоратли ҳайдовчининг мардонавор хатти-ҳаракати ва юқори профессионаллиги эътироф этилди. У вазиятнинг мураккаблигига қарамай, саросимага тушмаган ва ёнаётган автобусдан йўловчиларни олиб чиққан.