Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутлик фермерларни ким чув туширди?

Фермерлар мазкур экиннинг сердаромад ва экспортбоп эканлиги ҳақидаги маълумотларни эшитиб, қалампирдан мўл ҳосил олиб юқори даромадга эга бўлишни ният қилганди. Афсуски, уларнинг бу нияти амалга ошмади.

Гап шундаки, мавсум аввалида ургутлик фермер хўжаликлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган “General Manchinery Group” масъулияти чекланган жамияти ўртасида аччиқ қалампир кўчати етказиб бериш бўйича контрактация шартномаси тузилган. Унга кўра, “General Manchinery Group” МЧЖ аччиқ қалампир экилиши режалаштирилган майдонларнинг тенг ярмига  (ҳар бир донасини 70 сўмдан) маҳаллий ва қолган қисмига (ҳар бир донаси 100 сўмдан) чет элдан келтирилган аччиқ қалампир кўчати етказиб бериши керак эди. Бунинг учун жорий йилнинг май ойида “Агробанк” АТБнинг Ургут филиали 177 та фермер хўжалиги ҳисобидан жами 1 млрд. 59 млн. 284 минг сўм пул маблағини кўчат етказиб берувчининг “Агробанк” АТБ Тошкент филиалидаги ҳисоб рақамига кўчириб беради.

Аммо, “General Manchinery Group” МЧЖ шартнома шартларини қўпол равишда бузиб, 96 фермер хўжалигига 2 млн. 340 минг дона маҳаллий кўчатни хориждан келтирилган деб, алдаб тарқатган. Оқибатда фермерлар режадаги ҳосилни етиштира олмади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида “General Manchinery Group” МЧЖнинг тумандаги фермер хўжаликларга тегишли бўлган 70 млн. 200 минг сўмлик, кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суистеъмол қилиш йўли билан қўлган киритганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдували ХУДОЁРОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги агроинспекция

вилоят бошқармаси бош инспектори.