Помидор ва қалампирда ростдан вирус аниқландими?

Яқинда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида етиштирилган помидор ва қалампирда вирус аниқлангани туфайли Россия бозорларига киритилмаганлиги тўғрисида маълумотлар тарқалди.

Хўш, бу қандай вирус, уни олдини олиш учун нима қилиш керак?

Бу помидор туганакларидаги жигарранг бужмайиш вирус касаллиги. Касалликка чалинган ўсимликнинг зарарланган баргларининг банди пастга қараб қийшаяди. Поя ва барглардаги зарарланган жойлар яшил, намлик билан тўйинган ноаниқ шаклдаги йирик доғлар пайдо бўлади. Бу доғларнинг ўлчами ортиб боради, жигарранг тусга киради ва қоғозсимон бўлиб қолади. Мевалардаги зарарланган жойлар эса қаттиқ ноаниқ шаклдаги катта жигарранг-яшил доғлар кўринишида бўлади. Мевадаги бундай зарарланган жойнинг юзаси дағал, мойсимон кўринишга келади.

Бу вирусли касаллик биринчи марта 2015 йилда Иордания ва Исроилда қайд этилган. Помидор ва қалампирга асосан зарар етказади. Тобамовирус турига мансуб вирус жуда тез тарқалиш хусусиятига эга. У ўсимлик баргларида мозаикаларни ҳосил қилади, барглар ўз ҳолатини ўзгартиради, меваларда жигарранг, ажинли доғлар пайдо бўлади. Мевалар рангсизланади, барглар деформацияланади.

Иссиқхоналарда экилган помидор майдонларида мавсум давомида ўсимлик баргларида деформациялар ҳосил бўлиб, меваларида кучли жигарранг хлороз белгилари пайдо бўлди.

Помидор жигарранг вирус касаллик аломатлари помидор навига қараб енгил ва оғир бўлиши мумкин. Касалликнинг енгил кўринишида мозаикалар ҳосил бўлади, барглар ранги ўзгаради. Касалликнинг оғир кўринишида эса меваларда жигарранг ажин ва доғлар ҳосил бўлиши баробарида меваларнинг сарғайиб кетиши ҳамда барглар ҳолати ўзгариши мумкин.

Касаллик уруғлар, вирус билан ифлосланган асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади. Чангланиш вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача аниқланмаган.

ToBRFV вируси помидорга юқори даражада зарар келтириши туфайли помидор етиштирувчилар учун катта иқтисодий зарар келтиради.

Энди юқоридаги маълумотга ойдинлик киритадиган бўлсак, юртимизда етиштирилган помидор, қалампир ва бошқа маҳсулотларда ҳам бундай вирус аниқланмаган.

Бу вирус механик воситалар орқали осонлик билан юқиши сабабли, ҳар хил сиртларда, тери ва қўлқопда 2 соат, қаттиқ пластмассада 3 соат, шиша, альюминий ва зангламайдиган пўлатда 1 ойдан ортиқ сақланади. Эпифитопия аниқланганда таъсири камайганлиги сабабли иссиқхоналарни тозалаш, ўсимлик қолдиқларини йўқ қилиш шарт. Дезинфекцияловчи воситалар иссиқхона жисмлар сиртларини ва помидор етиштириш учун ишлатилган иш қуролларини вирусни зарарсизлантиришда самарали фойда беради ва йўқотиш чоралари кўрилади. Вирусни йўқ қилиш учун пластик идишлар 90 даража иссиқликда 5 дақиқа давомида ивитилади.

Акрам ФОЗИЛОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари.