Вазият: Метапневмовирус: янги пандемиями ёки янги манипуляция воситасими?

COVID-19 пандемиясидан сўнг, янги вируслар ҳақидаги ҳар қандай хабарлар автоматик равишда жамоатчилик эътиборини тортади. Ва бу тушунарли: глобал инқирозни бошидан кечирган одамлар юқумли касалликлар тарқалиши ҳақидаги хабарларга таъсирчан бўлиб қолишган.

ОАВда бу ҳадикни аудиторияни жалб қилиш воситаси сифатида ишлатишади. Чунки "вирусли" мавзулар доимо резонансга эга. Хитой ОАВ, кейин бошқа мамлакатларда метапневмовирус ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши умумий тренд билан боғлиқ, яъни жаҳон ОАВ кўпинча қор тўпи эффектини яратиб, "шов-шувли" мавзуларни кўпчитишади. Бир-иккита асосий манба инфекция ҳақида хабар беради, бошқа медиалар ортда қолмаслик учун мавзуни "тираж"лай бошлайди.

Ва бунинг сабаби бор!

Кўплаб мураккаб геосиёсий жараёнлар (Яқин Шарқдаги можаролар, Европадаги инқироз, АҚШдаги сайловлар) фонида вирус мавзуси аҳолини вақтинча чалғитиш воситаси сифатида самарали ишлайди.

Жамият уруш ва иқтисодий муаммолар ҳақидаги хавотирли маълумотлардан чарчаганда, "таҳликали" тиббий янгиликлар одамлар эътиборини "янги душман"га қаратишга, муҳокамани бошқа оқимга йўналтиришга ОАВга имкон беради.

Хитойда грипп ва COVID-19 каби респиратор касалликларни келтириб чиқарадиган инсон метапневмовируси (hMPV) тарқала бошланди. Бир неча кун аввал уни нақ "янги ҳалокатли вирус" деб номлашди. Аммо бу ўтган асрдан бери таниш бўлган энг кенг тарқалган, кўп йиллар давомида ОАВ эътиборисиз мавжуд бўлган мавсумий вирус эканлиги маълум бўлди.

Бироқ, шу куз-қиш мавсумида унинг авж олиши бирданига ахборот маконидаги асосий мавзулардан бирига айланди. Албатта, бу фармацевтика компанияларининг тижорат манфаатлари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Балки, метапневмовирусга урғу - жамоатчилик фикрини янги санитария чораларини киритишга тайёрлашнинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда мамлакатлар глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келди ва ҳукуматлар янги таҳдидларга жамоатчилик жавобини синаб кўриш учун ахборот кампаниясидан фойдаланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хуллас, вирус ҳалокатли хавф туғдирмаса-да, унинг атрофидаги ахборот тўлқини яқин келажакда аниқ бўладиган яширин мотивларга эгалигини истисно этиб бўлмайди.

Хитой Халқ Республикаси Касалликларни назорат қилиш ва профилактика бошқармаси маълумотларига кўра, вирус 2024 йилнинг 23 декабридан 29 декабрига қадар шифохоналарда нафас олиш йўллари намуналарида аниқланган.

Хитойда респиратор касалликларнинг асосий қўзғатувчиси грипп, метапневмовирус ва риновирус ҳисобланади. Касалликнинг авж олиши касалхоналарга, айниқса инфекциялар энг кўп учрайдиган мамлакатнинг шимолий вилоятларида сезиларли даражада ошди. Энг "заиф" гуруҳ 14 ёшгача бўлган болалар бўлиб қолмоқда, аммо инфекция кексалар ва иммунитети заифлар учун ҳам хавф туғдиради. Хитойдан кейин hMPV инфекцияси минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам қайд этила бошланди.

Қозоғистонда, Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил 1 октябрдан бери метапневмовируснинг 30 дан ортиқ ҳолати аниқланган. Қирғизистонда ҳам метапневмовирус икки ҳолатда аниқланган. Шунингдек, Ҳиндистонда метапневмовирус инфекцияси ҳолатлари қайд этилган. Аммо мамлакатда нафас олиш касалликларининг сезиларли ўсиши қайд этилмаган.

Ўзбекистонда лаборатория тадқиқотлари натижасида метапневмовирус ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг атиги 1,2 фоизида, грипп 39,9 фоиз, риновирус 32,2 фоиз, респиратор синситиал вирус 30,6 фоизни ташкил этиши аниқланган. Бироқ, санитария хизматлари профилактика чораларига риоя қилишни талаб қилмоқда, чунки инфекция қўшни мамлакатларда фаол тарқалмоқда.

Дунё янги пандемияга дуч келдими?

Метапневмовирус янги касаллик эмас, у биринчи марта 2001 йилда аниқланган. Ушбу вирус ўткир респираторли инфекцияларни келтириб чиқаради ва асосан ҳаво томчилари орқали, камдан-кам ҳолларда зарарланган тери юзалари орқали юқади.

Асосий симптомлар оддий ЎРВИга ўхшайди: бурун оқиши, йўтал, иситма, баъзи ҳолларда бронхиолит ва пневмония.

Кўпгина беморлар учун инфекция жиддий хавф туғдирмайди ва асоратларсиз ўтади, лекин болалар, қарияларда ва иммунитети заифларда касалхонага ётқизишни талаб қилувчи оғир ҳолат бўлиши мумкин.

Турли мамлакатларда касалланишлар сони ортиб бораётгани сабабли, глобал эпидемия хавфи ҳақида саволлар кўтарилмоқда. Баъзи вирусологларнинг таъкидлашича, hMPV янги вирус эмас ва инфекция ҳолатлари ҳар йили қайд этилади, аммо унинг Осиёда фаол тарқалиши COVID-19 пандемиясидан кейин мутация ёки аҳоли иммунитетининг заифлашишида кескинлашиши мумкин.

Ҳозирча ҳеч бир давлат қатъий карантин чоралари зарурлигини эълон қилмаган. Шу билан бирга, санитария хизматлари аҳолини асосий профилактика чораларига риоя қилишга чақиради: мунтазам равишда қўл ювиш, хоналарни вентиляция қилиш, антисептиклардан фойдаланиш, одамларнинг, айниқса болалар ва қарияларнинг оммадан қочиши.

Ҳозирги тарқалиш жиддий оқибатларга олиб келадими ёки йўқми номаълум, аммо сўнгги йиллар тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳатто "оддий" вирусларга ҳам эътибор бермаслик катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Г.Холдорова тайёрлади.