Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хорижлик киноижодкорларни Ўзбекистон нимаси билан жалб этяпти?

Одатда сайёҳларни мамлакатнинг тарихий обидалари, буюклар номига бунёд этилган монументлар, денгиз бўйи пляжлари, ўзлари учун ноодатий бўлган иқлими ўзига тортади. Лекин кишилар орасида шундайлар борки, уларни ҳали ҳеч ким кашф этмаган сўқмоқлар, одамлар назаридан узоқ қолаётган дарахтзорлар, жимирлаб оқувчи митти булоқлар, маҳаллий аҳолининг урф-одатлари қизиқтиради. Бундай кишилар сафининг олд қаторида эса режиссёрлар туриши ҳеч кимга сир эмас.

Бугун кинорежиссёрлар томошабинларнинг комьпютер графикасида ясалган қаҳрамонлар, қонли, жангари саҳналардан безиб қолгани, оддий ҳаётни, янгича одамларни, янги дунёни кўришни исташаётганини яхши билади. Шу сабаб охирги пайтларда режиссёрларнинг табиатни, аҳоли урф-одатларини неча асрлардан буён ўз ҳолича сақлаб келаётган мамлакатларда фильм суратга олишни бошлагани ҳайратланарли бўлмай қолди. Бугун “Ўзбеккино” миллий агентлиги кино дунёсида рўй бераётган ана шу жараёндан унумли фойдаланиб, хорижлик киноижодкорлар билан юртимизда фильмлар суратга олиш борасида келишувларга эришмоқда.

Айни пайтда Бухоро, Хоразм вилоятларида россиялик ва ҳиндистонлик киноижодкорлар томонидан иккита фильмни суратга олиш ишлари бошлаб юборилган.

Режиссёрлар билан суҳбатда суратга олиш учун нега айнан Ўзбекистонни танлагани ҳақидаги саволларга Ватанимизнинг табиати, мўътадил об-ҳавоси ва юртдошларимизнинг хорижликларга бўлган самимий ҳурмати, дея жавоб беришади. Жумладан, яқинда Японияда премьераси ўтказилган, тасвирга олиш жараёнлари Ўзбекистон (Самарқанд, Жиззах, Тошкент)да бўлиб ўтган “Дунёнинг бир чеккаси” фильми режиссёри Киёси Куросава шундай деди: “Мен фильмимни Регистон ёки Ичан қалъада олишим мумкин эди. Аммо Ўзбекистон одамларининг камтарлиги, табиатининг ўзига хослиги билан ҳам гўзал”.

Барно ЎНГБОЕВА.