Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яширин, қалбаки пул цехи аниқланди

Тошкент вилояти Паркент туманида қалбаки купюраларни ишлаб чиқараётган яширин цех фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паркент тумани бўлими томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда фуқаролар Н.Н. ва П.Й. олдиндан тил бириктириб, вақтинча яшаб келаётган Паркент тумани, Хисарак қишлоғидаги хонадонида рангли принтер ёрдамида 50 000 ва 100 000 сўмлик қалбаки купюраларни тайёрлаб келаётганликлари аниқланган.

Тадбир якунида ушбу хонадондан 116 дона 50000 ва 34 дона 100000 сўмлик қалбаки купюралар, 94 дона 50000 ва 100000 сўмлик купюраларнинг тасвири туширилган А-4 ҳажмли қоғозлар ҳамда уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган “EPSON” русумли рангли принтер, бўёқлар ва бошқа маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.Н. ва П.Й.ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.