Юридик соҳа ҳодимлари малакасини ошириш такомиллаштирилмоқда

Мамлакатимизда барча соҳалар каби таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Таълимнинг ажралмас қисми бўлган қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизими меҳнат бозори талаблари асосида кадрларни етарли билимлар билан қуроллантириб боришга хизмат қилади.
Лекин мамлакатимизнинг амалдаги малака ошириш тизимида меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, ходимнинг эҳтиёжи ва буюртмачиларнинг талабларини тўлиқ инобатга олишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмас эди. Малака ошириш тизимида мавжуд ушбу ҳуқуқий бўшлиқ истеъмолчилар талабларини етарли даражада қондирилмасдан қолишига сабаб бўларди.
Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “2020-2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси”да юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Замонавий таълим тизими назария ва амалиётнинг доимий корпоратив ҳамкорлигини талаб этади. Бозор иқтисодиёти кадрлар истеъмолчисини кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш масалаларида асосий мувофиқлаштирувчи бўлишини талаб этилади. Акс ҳолда тайёрланган кадр томонидан бажарилаётган иш сифати самарали бўлмайди. Шу сабабли кадрлар буюртмачиси ҳисобланадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг юристлар малакасини ошириш марказида ўқув дастурлари жорий этилишига жалб этишни таъминлаш вазифаси фармонда қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этадиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сонли қарори Адлия вазирлиги қошидаги юристлар малакаси ошириш марказига кадрлар малакасини оширишнинг муқобил вариатларини жорий этиш вазифаларини юклайди. Ҳукумат қарори ва қарор билан тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар юқорида қайд этилган кадрлар малакасини ошириш тизимида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқни меҳнат бозори талаблари асосида тўлдирмоқда.
Маълумки ҳозирда юридик соҳа ходимлари малакаси анъанавий ва масофавий шаклларда амалга оширилмоқда. Ҳукумат қарори билан белгиланган вазифага мувофиқ марказ томонидан малака оширишнинг анъанавий ва масофавий шакллар билан бирга кредит-модул тизими ҳам йўлга қўйилади.
Ўқув жараёнларини кредит-модул тизими асосида ташкил этишда тингловчининг мустақил равишда белгиланган ўқув дастурини ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратилади. Ходимнинг малакасини ошириш учун марказ томонидан белгиланадиган тьютер амалий ёрдам беради ва тингловчи томонидан ўқув дастури бажарилишини назорат қилиб боради.
Юридик соҳа учун жорий этилаётган малака оширишнинг янги тизимида ходимлар ва уларнинг буюртмачилари малака ошириш тартибини мустақил танлаши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Марказ тингшловчи ва буюртмачининг талабига кўра ходимни малакасини оширишни белгиланган тартибда тасдиқланган дастур ҳамда шартнома талаблари асосида таъминлаб беради. Тингловчи белгиланган муддатларда ўқув курси материалларини тьютер ёрдамида малака оширишнинг танланган шакли бўйича ўзлаштиради.
Малака оширишни ходим ва буюртмачи талабига кўра ташкил этишнинг афзалликлари қуйидагилар ҳисобланади:
ўз хизмат вазифасини бажариш билан бирга ходим ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда малакасини ошириш имкониятига эга бўлади;
ходим ўз хизмат вазифасини узлуксиз бажариши мумкин бўлади;
малака оширишнинг ходим ва корхона фаолияти самарадорлигига салбий таъсири олди олинади;
ходим ва буртмачи маблағи тежалади;
бевосита мулоқотнинг чекланиши ҳисобига коррупция ҳолатлари келиб чиқишига барҳам берилади;
Юридик соҳа ходимлари малакаси ошириш янги тартиблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 5843-сонли Фармонида белгиланган устувор вазифалар ижросини ҳам таъминлаш учун хизмат қилади.
Шунингдек, юридик соҳа ходимлари малакаси оширишнинг янги тизими таълим сифатини ошириш, коррупциянинг юзага келиши, расмиятчилик ва бюрократияга имкон берувчи шароитларига барҳам беришни ҳам таъминлайди.
Юристлар малакасини ошириш маркази
кафедра мудири, и.ф.д, проф. Б.Исроилов.