40 та ноқонуний тураржой учун эгалик ҳуқуқи берилди
Мазкур акция доирасида давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда адлия бошқармаси ходимлари томонидан жойларга чиқиб, аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказилмоқда. Шундай тарғибот тадбирлари натижасида ҳозиргача вилоят бўйича жами 8801 ариза қабул қилиниб, уларнинг 1139 тасига мулк ҳуқуқи эътироф этиш юзасидан ҳоким қарори чиқарилди. Қолган 1440 таси турли сабабларга кўра, рад этилган ва 4603 та ариза комиссия аъзолари томонидан ўрганилмоқда.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтказилган тадбирда шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи А.Халилов ва давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Туробов ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишнинг шартлари бўйича тушунча бердилар. Тадбир сўнгида 40 нафар фуқаронинг тураржой биноларига ҳокимнинг мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан қарорлари топширилди.
Марказлар янги бинога кўчади
Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасида туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва тезкорлиги, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, келгуси вазифалар ижросига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи М.Қурбонов тизимдаги янгиликлар, амалиётга киритилаётган янги хизмат турлари ва уларни жорий этиш ҳақида сўз юритди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 майдаги қарорига кўра, жойлардаги марказлар учун давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида замонавий бинолар қурилиши режалаштирилган, – дейди давлат хизматлари агентлигининг масъул ходими Т.Орзиев. – Ҳудудларда бу борада салмоқли ишлар бажарилган. Айниқса, Булунғур, Нуробод, Жомбой ва Самарқанд туманларида ишлар жадаллик билан олиб борилиб, янги қурилаётган бинолар 2019 йил Наврўз байрамигача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Алишер ПРИМОВ,
давлат хизматлари агентлиги вилоят
бошқармаси масъул ходими.