Темирйўлорти ҳудуди файзли масканга айланади

Икки йил илгари Самарқанд шаҳрининг темирйўлорти (маҳаллий аҳоли тили билан айтганда “залиния”) ҳудудида яшовчи аҳолининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида Матонат маҳалласига борган эдик. Маҳалланинг тунда ёритилмайдиган тор ва боши берк кўчаларидан ўтиб, умумий ҳовлиларда, кичик ҳовличаларда яшовчи аҳоли шароитини кўриб, “қачон буларнинг елкасига ҳам қуёш тегаркан?”, деб хаёлимдан ўтказган эдим. Тартибсиз қурилган бу ҳовлиларда 5-6 та оила яшаб, битта ҳожатхонадан фойдаланишади. Уйга яқинлашсангиз, атрофга таралган бадбўй ҳиддан бошингиз айланади. Ариқ ва зовурлар маиший чиқиндиларга тўла, канализaция тармоғи йўқлигидан хонадонларнинг оқова сувлари йўлга оқизиб қўйилганди. Табиий газ ва электр таъминотининг мунтазам узилиши, тоза ичимлик суви ва канализaция тармоқларининг йўқлиги аҳолини қийнаб қўйган эди.
Тўғриси, биргина Матонат эмас, Темирйўлчилар, Барака, Майсазор, Ипак йўли, Меҳнат маҳаллаларида ҳам аҳвол шундай эди. Ҳудудни ободонлаштириш бўйича амалий ишлар деярли қилинмаган. Ишсизлик даражасининг юқорилиги, зарур инфратузилманинг етишмаслиги натижасида ҳудуд ижтимоий оғир тоифада эди. Шу йилнинг ўтган даврида ҳудуддаги маҳаллаларда гиёҳвандлик, қасддан тан жароҳати етказиш, ўғрилик билан боғлиқ 20 та жиноят содир этилган.
Жорий йилда ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартириш, маҳаллаларни обод масканларга айлантириш мақсадида реновaция дастури асосида амалий ишлар бошланди. Унга кўра, 301 гектар майдонда юз минг аҳоли учун 30 минг 996 та хонадон қуриш режалаштирилган. Замонавий лойиҳаларга асосан, 1980 ўринли 3 та мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, кўп тармоқли тиббиёт маркази, олий таълим муассасаси, замонавий спорт соғломлаштириш масканлари, кўп қаватли автотураргоҳлар, саноат корхоналари, меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчалари, маданият ва истироҳат боғлари, экобозор, савдо ва кўнгилочар марказлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган бўлиб, фуқароларга бузилишга тушган уйларининг таг асоси қанча квадрат метрни ташкил қилса, шунча ҳажмда, барча қулайликларга эга замонавий уй-жойлар таклиф қилинмоқда. Каттароқ оилаларга алоҳида-алоҳида хонадонлар ажратилмоқда. Хуллас, мулк эгаларини берилаётган уй-жойлардан рози қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ ижтимоий тармоқларда темирйўлорти ҳудудидаги уйларнинг бузилиши, уй эгаларининг рози қилинмаётганлиги бўйича турли нотўғри маълумотлар тарқалди. Аслида ҳолат қандай?
Матонат маҳалласидаги 726 та хонадон эгалари 3 - босқичда реновaция асосида замонавий уйларга кўчирилади. Ҳозирда 8 та ҳовли эгалари ўзларига қулай таклифларга асосан янги уйларга кўчирилди. Жумладан, Матонат маҳалласи 1-боши берк кўча, 11-уйда яшовчи Галина Михайлова Сўғдиёна массивида қурилган янги кўп қаватли уйлардан 2 та уч хонали хонадонга эга бўлган бўлса, 4 сотихли ҳовлида яшаб келган Х.Ибрагимованинг оиласига Рудакий кўчасида қурилган янги бинодан 60 квадрат метр бўлган хонадон ва эски уй-жойининг ўрнидан қуриладиган янги кўп қаватли уйдан ўғилининг оиласи учун 94 квадрат метрли хонадон ажратиладиган бўлди.
– Шу пайтгача ҳовлимизда учта оила яшаганмиз, – дейди матонатлик Ризо Люманов. – Қурувчилар бизнинг таклифимизга кўра, Самарқанд шаҳридаги Деҳқон кўчасидан 4 та оилага мўлжалланган хонадонни сотиб олиб беришди. Янги ҳовлимиз барча қулайликларга эга. Энг муҳими, жамоат транспорти, савдо шохобчаларига яқин жойлашган. Канализaция, табиий газ ва электр энергияси мунтазам ишлаб турибди. Асосийси, биз бу келишувдан мамнунмиз.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 500 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли тураржой бинолари қурилиши бошланган.
– Ҳозирча 1050 та хонадонга эга бўлган уй-жойларимиздан ташқари 4 қаватли автомобиллар тураргоҳи, савдо уйи, аёллар ва эркаклар учун алоҳида фитнес заллари, кутубхона қурилиши учун жой ҳозирланмоқда, - дейди “Элита промстрой” МЧЖ иш бошқарувчиси Отабек Тоштемиров. – Ҳудудда мавжуд кўп йиллик дарахтлар ҳам жойида қоладиган бўлди. 2 йилгача бўлган гул буталари ва дарахт кўчатлари маъқул жойларга кўчирилади. Кейинчалик яна иқлимга мослаштирилган мингга яқин мевали ва манзарали дарахтлар ҳам экилади.
- Кўчамизнинг бир қисми жарлик ва тепаликлардан иборат бўлгани сабабли инфратузилма ҳамда оқова тармоқлари тортишда муаммоларга дуч келардик, –дейди Дониёр Камолов. – Бир хонадонда икки оила яшашга мажбур бўлганмиз. Битта ҳаммом ва ҳожатхонадан фойдаланиб келамиз. Эски уйнинг деворлари зах тортиб, нураб қолган эди, ҳатто таъмирлашга ҳам ҳафсала қилмагандик. Энди бўлса, кўп қаватли уйнинг 5 қаватида жойлашган 3 хонали 2 та хонадон учун шартнома имзоладик.
Темирйўлорти ҳудуди лойиҳасида шаҳарга ва янги барпо этилган Қорасув массивига қисқа ва равон йўл киритилган. Иккита осма кўприк барпо этилиб, пиёдалар ва автомобиль ҳайдовчилари учун қулайликлар яратилади.
Ҳудудда реновaция дастури асосида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида темирйўлорти мактаб ва болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, яшил боғ ва хиёбонлар, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари, аҳоли учун зарур бўлган барча шарт-шароитларга эга файзли ва обод масканга айлантирилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.