Адлия аралашуви билан 500 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилди

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси даъвогар – “Архитектура-режалаштириш топшириғи бюроси” унитар корхонаси манфаатини кўзлаб, Қўшработ тумани ҳокимлиги устидан Иштихон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят қурилиш бош бошқармасида электрон-аукционда сотиладиган ер участкалари юзасидан ишлаб чиқилган архитектура ва режалаштириш топшириғи учун туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тўловларнинг амалга оширилиши ҳолати сўров йўли билан ўрганилди.

Ўрганиш натижасида ҳокимлик 2021 йилда туманда жойлашган 512 та ер участкаси учун ишлаб чиқилган архитектура ва режалаштириш топшириғи юзасидан 552 миллион 960 минг  сўмлик тўловни амалга оширмагани аниқланди. Вилоят адлия бошқармаси мазкур қарздорликни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимлигига 2021 йилнинг 28 декабрида тақдимнома киритган бўлса-да, жавобгар тақдимнома ижросини таъминламай, қонунчилик талабларини бузган.

Суд тақдим этилган ҳужжатлар ва юқоридаги ҳолатларни  инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 118, 176-179, 186-моддаларини қўллаб даъвони тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида қарор чиқарди.

Вилоят адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими.