Қўшработда оқова сув тармоқлари лойиҳалари қачон амалга оширилади?

Бир неча йиллар илгари Қўшработ туманида кўпқаватли уйлар қурила бошлангандаёқ аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова тизимлари бунёд этиш ишлари бошланган эди. Бу даврда ўнлаб кўпқаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бироқ марказлашган оқова тармоқлари қурилиши фақат лойиҳаларда қолиб кетди.

Қўшработ туманида 51 та кўпқаватли уйда аҳоли истиқомат қилади. Жумладан, Заркент маҳалласидаги 38 та уй-жойнинг 10 тасига Навоий кон-металлургия корхонасига қарашли Зармитан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими, 11 та уйга эса ҳарбийларнинг махсус бўлинмаси коммунал сервис хизматлари кўрсатади. Шунингдек, “Қўшработ келажаги” бошқарув сервис компанияси Заркент, Мустақиллик, Намуна ва Булоқ­боши маҳаллалари ҳудудида жойлашган 30 та кўп қаватли уйларга масъул.

-   Барча уйлар тоза ичимлик суви, 26 та уй-жой эса марказлашган иссиқлик тизимига уланган, - дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси Шаҳзод Қаршиев. - Қолганлари икки контурли газ печлари ва электр энергияси билан иситилади. 13 уйнинг ертўласида мавсумий ёмғир-сел сувлари кириши ва оқова тармоғидаги носозликлар бартараф этилди. Бешта кўпқаватли уйнинг 100 метр оқова тармоғи нишоблиги эътиборга олиниб, қайта қурилди. 1 та уйнинг ҳовлиси шу уйда яшовчилар томонидан ҳашар йўли билан қайта бетонлаштирилди.

Туман марказига киришда 2019-йилда фойдаланишга топширилган 2 та кўп қаватли уйда ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Уй орқасидаги бўш майдонда турли кўкатлар, гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилган.

Сўнгги вақтларда эрталаб ва кечқурунлари электр энергияси кўп ўчяпти, - дейди 2-уйда яшовчи Нуқра Уралова. – Камига  уч кундан буён табиий газ ҳам ўчирилган. Айниқса, кечқурун овқат ­қилишнинг иложи йўқ.

Шу уй ёнига бораверсангиз, бадбўй ҳидга чидаб бўлмайди. Чунки канализатсия қудуқлари анча вақтдан буён тозаланмаган. Бетон ариқлар хас-хашак ва тупроқ билан тўлиб қолган, спорт ва болалар майдончаси, чиқинди қутилари йўқ. Маълум бўлишича, мазкур уйларда яшовчилар «Тоза ҳудуд» ДУК туман бўлими билан суюқ чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича ўзаро шартнома қилмаган экан.

Кўп қаватли уйларга 2017-йилда ташкил этилган Қўшработ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан хизмат кўрсатилган. Улар ўз вазифаларини удда қилолмагач, «Фарангиз оригинал мебел» хусусий корхонасига қарашли санитария ташкилотига ўтказилган. Улар ҳам кўпқаватли уйларнинг «оғир» юкини тортолмагач, «Қўшработ келажаги» бошқарув сервис компанияси ташкил этилди.

Компания ташкил этилганида кўпчилик қўшработликлар «Eнди муаммоларимиз ўз ечимини топади», деб хурсанд бўлишган эди. Бироқ эски ҳаммом, эски тос дегандек, ҳанузгача ўзгаришлар сезилмайди. Янги ташкилотда махсус техника ва ишчи-хизматчилар етарли эмас. 

Ишни икки ой илгари 273 миллион сўм қарз билан бошлагандим, - дейди «Қўшработ келажаги» бошқарув сервис компанияси бошлиғи Эркин Раҳматов. – Ҳозирда барча кўпқаватли уйларда хатловни амалга оширяпмиз. 27 та уйнинг 3 таси «биллинг» тизимига уланмаган. Аҳолидан қарзларни ундириш қийин бўляпти. Улар биздан коммунал хизматларни бажаришни талаб қилишмоқда. Бизнинг эса имкониятимиз йўқ. Банклардан олинган қарзлар туфайли улар кредит ажратмаяпти. Мустақиллик маҳалласидаги 2 уйнинг фасад қисми, 1 та уйнинг канализатсия тармоғи таъмирланди. 

Ҳозирда Булоқбоши маҳалласидаги 4 та кўпқаватли уй локал канализатсия тармоғига уланган. Қолганларининг оқовалари уйлар ёнида қурилган 40 куб/метрлик қудуқларга ташланади.

- Туман марказидаги 3 та маҳалладаги 30 та кўпқаватли уйда яшовчилар ҳамда тадбиркорлар марказлашган канализатсия тизимининг йўқлигидан азоб чекяпмиз, - дейди Хўжамурод Қўшоқов. – Бир-икки ой ичида тўладиган 40 минг кублик битта оқова қудуғини тозалаш учун махсус ассенизатор машинаси 10-12 марта чиқиндихонага қатнаши керак. «Тоза ҳудуд» ДУК туман бўлимига мурожаат қилсак, улар доим банд, бу яқин орада вақти бўлмайди. Ҳатто шартнома қилган уйларни ҳам ўз вақтида тозалашмайди. Ваъда беришади-ю, бажаришмайди. Мана кунлар исиб кетяпти, бадбўй ҳиддан кўпқаватли уйларнинг олдидан ўтиб бўлмайди. 

Туманнинг Мустақиллик, Намуна ва Булоқбоши маҳаллаларидаги кўпқаватли уйларнинг марказлашган канализатсия тизими йўқ.

-  Канализатсия йўқлиги энг оғир нуқтамиз,- дейди “Самарқанд сув таъминоти” АЖ туман филиали бош муҳандиси Раҳимжон Абдувоҳидов. – Илгари ҳам марказлашган канализатсия тармоқлари учун кўп марта режалар қилинган, маблағлар ажратилган бўлса-да, турли сабаблар билан бу ишлар амалга ошмай қолган. Бироқ 2025-2026-йилларда туман марказидаги кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа обектлари ва тадбиркорлик субъектларини ўзаро боғловчи 19,5 километр масофада марказлашган оқова сув тармоғи бир кеча-кундузда 3 минг метр/куб қувватга эга бўлган оқова сув тозалаш иншооти қуриш режалаштирилган.

Агар кўзда тутилганидек, туманнинг Дўстлик маҳалласи ҳудудида оқова сувни қайта ишлаш иншооти қурилиб, 23,5 километр тармоқ тортилса, туман марказидаги барча кўп қаватли уйлардаги аҳоли хонадонлари, 210 дан зиёд тадбиркорлик субекти ва 13 та ижтимоий соҳа обектида оқова сув муаммоси ҳал бўлади.

Дилмурод ТЎХТАEВ,

“Зарафшон” мухбири.