Ичимлик суви учун ҳаракат, янги токзорлар, касаначилик, “чалажон” лойиҳалар тақдири: Қўшработликларнинг ҳаёти ўзгарадими?
Бу галги суҳбатимиз вилоят марказидан узоқ туманнинг раҳбари билан бўлди. Мулоқот чоғида асосан одамлар турмуш тарзи, бевосита уларнинг ҳаёти билан боғлиқ саволлар беришга ҳаракат қилдик. Туман ҳокими Дилшод Шакарбоевнинг жавобларини ўқиб, Қўшработдаги мавжуд ҳолат ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишингиз мумкин.
- Бундан бир неча йил аввал Қўшработ республикадаги сув таъминоти даражаси паст 30 та тумандан бири эди. Шу сабаб ҳудуддаги бу аҳволни яхшилаш учун халқаро кредит маблағларини ҳам жалб этиш чоралари кўрилди. Бироқ унинг самараси сезилмаётгандек?
- Тўғри, 2019 йилда туманнинг аҳолиси 36 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланган бўлган. Шунинг учун Саудия ривожлантириш фонди ва ОПEК фондлари иштирокида умумий қиймати 36 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ҳудуд 8 та лотга ажратилиб, бугунги кунгача 7 та лотда белгиланган ишлар тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топширилди.
Туман маркази ва 78 қишлоқ аҳоли пунктида 55 та ичимлик сув иншооти, 883,8 километр тармоқ қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада 32 маҳалладаги 11200 та хонадон марказлашган тоза ичимлик сув билан таъминланди.
Ҳозирги кунда 3-лотда қурилиш ишлари давом этмоқда ва жорий йилнинг 4-чорагида якунланиши кўзда тутилган.
Умуман, бугунги кунда туман аҳолисининг 79 фоизи ичимлик сув билан таъминланган. Яъни, бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўп.
Жорий йилда 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш билан бирга, 8 та янги сув насоси ўрнатиш ва 12 та сув насосини таъмирлаш, 2,5 километр тармоқ тортиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2025 йил Инвестиция дастурига 9 та қишлоқ аҳоли пунктида сув иншоотлари қуриш, 56 километр тармоқ тортиш таклифи берилган.
- Ўтган йили бир қатор туманларда, жумладан, Қўшработда ҳам қудуқлар бурғулашга мораторий жорий этилди. Бу туманда шундоқ ҳам оғир бўлган вазиятни янада чигаллаштирмайдими? Шундай вазиятда қўшработлик боғбон ва миришкорлар қандай йўл тутмоқда?
- Агар жим кузатиб турилса ва фақат чекловларгагина амал қилинса, вазият чигаллашади. Лекин уни ўнглаш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, боғ ва токзорларда сув тежовчи технологияларни жорий қилган ва бурғуланган тик қудуқлар учун боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан субсидия ажратилади.
Жорий йилга қадар туманимиздаги 65 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан айни мақсадда 21 миллиард 618 миллион сўм субсидия маблағлари ўзлаштирилди. Натижада 3000 гектардан зиёд боғ ва узумзорда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу билан ер ости суви 30-40 фоиз тежалишига эришилди. Ялпи ҳосилдорлик 20-30 фоизга ошди.
«Оқчопсой» сув омборида сув тақсимлаш ва ўзи оқар сув қувурларини ётқизиш орқали 1500 гектар янги ер ўзлаштирилади. Бундан ташқари, Чорлоқ маҳалласининг Очобулоқ қишлоғида Оқтепасой ўзанида «Оқтепасой» сел сув омборини қуриш режалаштириляпти. Айни кунларда омбор лойиҳаси тайёрланмоқда.
- Шунга қарамай, туманда боғдорчилик борасида ўсиш, ўзгариш кузатилмаётгандек, бизнингча. Давлат раҳбари кўчат қадаган ёнғоқзор бунга мисол бўлиши мумкин. Бундан ташқари, минг гектар узумзор ташкил қилиниши ҳақида лойиҳа бўйича ҳам кейинчалик бирор маълумот берилмади.
- Ёнғоқзор бўйича сиз айтган ҳолат 2017 йил ташкил топган «Оқтепа унумдор замини» фермер хўжалигида бўлган. Хўжаликка 700 гектар ер майдони ажратилган ва дастлаб 40 гектар ерда ёнғоқ, 20 гектарда гилос кўчат экиш, 30 гектар токзор барпо қилиш бошланган. 2018 йилда ташаббускор фермер вафотидан кейин хўжаликдаги ишлар тўхтаб қолди.
Шундан сўнг ер майдонининг 640 гектари туман ҳокимлиги захирасига олиниб, аукционга чиқарилмоқда. Бу ерда бугунги кунгача 68 нафар фуқаро томчилатиб суғориш технологияси асосида 50 гектар боғ ва 70 гектар токзор барпо қилган.
Узумзор масаласида 2023 йил 3 августда давлатимиз раҳбарининг 260-сонли қарори қабул қилинган. Қарорга асосан, туманда 2023-2024 йилларда 1600 гектар майдонда токзорлар барпо қилиш белгиланган. Бугунги кунга қадар 84 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 918 гектар токзор барпо этилди. Куз ойларида қолган токзорлар ҳам барпо қилинади.
- Ўтган йили ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 4 миллиард сўм субсидия маблағлари асосида вилоят бўйича 678 фуқаро касаначилик йўналишида иш билан таъминланган. Бироқ Қўшработ туманида жамғарманинг бир сўм ҳам маблағи ўзлаштирилмаган.
- Бу ерда аниқ сабаб туфайли шундай ҳолат юз берган. Чунки туманда 20 нафардан ортиқ ҳунарманд рўйхатдан ўтказилиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига mahalla.uz платформаси орқали юборилган.
Қўшработ туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг махсус ҳисоб рақамига таъқиқ қўйилганлиги сабабли ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан субсидия маблағларини тўлаш имкони бўлмаган.
Жорий йил бўлимга mahalla.uz платформаси орқали юборилган 25 нафар ташаббускор ҳунарманд ва касаначининг аризаларига ижобий хулоса берилган.
- Азалдан Қўшработда йирик ва майда шохли мол боқиш асосий даромад манбаларидан бири бўлган. Шу боис аҳолининг гўшт ва сутга бўлган талаби ички имкониятлардан тўлиқ қопланяпти. Аммо чорвадорлар етиштирган маҳсулотни қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш йўлга қўйилмаяпти.
- Туманнинг вилоят марказидан узоқлиги, энг яқин темир йўл станцияси билан орадаги масофа 60 километрни ташкил қилганлиги маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, аҳоли пунктлари тарқоқ жойлашганлиги сут ва тез бузилувчи маҳсулотларни йиғиб олиш ҳамда қайта ишлашда ҳам муаммолар келтириб чиқаради. Аммо бу тайёр хомашёдан маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймасликка сабаб бўлмаслиги керак. Шу жиҳатдан айтиш мумкинки, айни пайтда Қўралос маҳалласидаги “Qoʻshrabot quality meat” масъулияти чекланган жамият томонидан ойига 15 тонна гўшт маҳсулотлари қайта ишламоқда. Демак, қилиш мумкин, фақат ташаббускорларни топиш, уларни қўллаб-қувватлаш керак, назаримда.
Ушбу йўналишда истиқболли лойиҳалар ўрганиляпти. Мисол учун, хитойлик тадбиркорлар билан қўй жунидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаси тайёрланган.
- 2022 йил октябрида Қўшработ туманида Корея давлатининг “HIBI International Co. Ltd” компанияси билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри 100 миллион доллар инвестиция ҳисобига агросаноат кластерини ташкил этиш ва лойиҳа доирасида 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилгани хабар қилинган. Кейинчалик бирон жойда тилга олинмаганидан режа амалга ошмаганини тахмин қилиш мумкин.
Умуман, туманда бу каби «чалажон» лойиҳалар, йиллар давомида рўёбга чиқмаётган режалар оз эмас...
- Туман ҳокимининг 2020 йил 12 октябрдаги қарори билан “HIBI GROUPS” МЧЖ қўшма корхонасига соя, техник каннабис ўсимликларини етиштириш ва экспорт қилиш учун туманнинг Эргаш Жуманбулбул массивидан 976,4 гектар ер майдони ажратилган.
Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган бу лойиҳага каннабис ўсимлиги (таркибида гиёҳванд модда) бўлганлиги сабабли рухсат берилмаган.
- Ўтган йили давлат раҳбари бир қатор ҳудудлар қатори Қўшработ тумани маҳаллий бюджетидан мактаблар таъмири учун маблағ берилмаганини танқид қилганди. Жорий йилда вазият ўзгарадими?
- Дарҳақиқат, ўтган йили мазкур масалада бироз бефарқлик бўлган. Аммо жорий йилда бу борада олдимизга катта режалар қўйганмиз. Хусусан, туман маҳаллий бюджетининг харажатлар сметасида мактаблар жорий таъмири учун 951,4 миллион, биноларининг иситиш тизимини яхшилашга 963 миллион сўм ажратиш белгиланган.
Шунингдек, мактабларга мебель ва жиҳозлар учун 120 миллион, компьютер ва моддий-техник база учун 216,5 миллион, электр ҳисоблагичларни алмаштириш учун 105 миллион, бошқа харажатлар учун 1 миллиард 378,9 миллион сўм маблағ бериш кўзда тутилган.
- Бугунги кунда туман ахборот-кутубхона маркази вақтинча бошқа бинода фаолият олиб бормоқда. «Ёшлар маркази» ва истироҳат боғи ҳақида ҳам ижобий фикр билдириш қийин. Тумандаги 10 минг ўринли «Меҳнат» стадионининг ўриндиқлари, югуриш йўлаклари ачинарли ҳолатда.
Ҳудуд ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида ечимини кутаётган муаммолар шулардангина иборат эмас, назаримизда?
- Муаммолар бор, лекин уларнинг ечими бўйича ҳам иш олиб бориляпти. Мисол учун, ахборот кутубхона марказига бино қуриш учун ер майдони ажратиш кўриб чиқилмоқда. Қурилиш ишлари учун халқ депутатлари туман Кенгашининг жорий йил 22 февралдаги қарорига асосан, маҳаллий бюджет эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 480 миллион сўм маблағ ажратилган.
Бундан ташқари, ажратилган 250 миллион сўм маблағга «Ёшлар маркази» ва истироҳат боғида таъмирлаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади. «Меҳнат» стадионини ёзги мавсумга тайёрлаш мақсадида қурилиш материаллари ва хўжалик молларини сотиб олиш учун туман ҳокимининг фармойиши асосида 42 миллион сўм маблағ ажратиляпти.
Умуман, туман марказидаги истироҳат боғида эртамиз эгалари учун барча қулайликларга эга ёшлар сайилгоҳи ташкил этилмоқда. Шунингдек, ёшлар ижод кўчаси ва креатив парк ташкил этилади. Бойтўп маҳалласида барча қулайликларга эга унверсал майдон яратиш ҳам жорий йилга мўлжалланяпти.
- Маҳаллий бюджетдан ажратиладиган йирик суммалар режалаштирилаётгани ҳақида гапиряпсиз. Амалда бунинг иложи борми?
- Келинг, айрим рақамларни келтириб ўтай. Ўтган йил маҳаллий бюджет прогноз режаси 66,6 миллиард сўм белгиланган бўлиб, йил якуни билан 76,4 миллиард сўмга бажарилди.
Маҳаллий бюджет прогноз режаси жорий йилда 86 миллиард сўм белгиланган, таҳлилларга кўра, у 97,1 миллиард сўм бўлиши кутилмоқда.
- Кейинги йилларда юртимиз ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бу яқинликдан Қўшработ тумани ва унинг аҳолисига бирон наф бўляптими?
- Чин ўлкасига сафаримиз давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор келишувларга эришганмиз.
Шундай келишувлардан бири Хитой Халқ Республикасининг Hebei технология университети билан бўлганди. Келишув доирасида 4 нафар ёшларимиз ушбу университетда имтиёзли равишда ўқишга жўнаб кетди.
Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлар Вейнан шаҳри ҳокими Чен Хиаоёнг бошчилигида делегация Қўшработ туманига ташриф буюрди. Меҳмонлар “Қўшработ Ломан парранда” МЧЖ, “Alihan Organic Agro LLC” МЧЖ хорижий корхонаси, туманда барпо этилган узумзорлар билан танишди.
Қўшработ тумани ва Вейнан шаҳри ўзаро англашув, тенг ҳуқуқлилик ва манфаатдорлик асосида қардош шаҳар муносабатларини йўлга қўйиш ниятида иқтисодиёт, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, фан-техника, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишув битими имзоланди.
Туманда узумчилик боғини барпо этиш ва қайта ишлаш, олма етиштириш ҳамда қишлоқ хўжалик паркини ташкил қилиш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олдик.
- Мазмунли суҳбат учун раҳмат.
Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.