Қўшработ адирларида ҳилпиради варраклар

Баҳор нафаси уфурган дамларда юртда ўзгача бир жонланиш, янгиланиш ҳисси уйғонади. Ана шу кайфият Қўшработ туманининг Қирқовул қишлоғи адирларида ўтказилган Наврўз сайлида намоён бўлди. Бу ерда табиат гўзаллиги билан инсонлар қалбидаги шукроналик туйғуси уйғунлашди.

Баҳор келиши билан болажонлар қир-адирларда варрак учиришади. Бу оддий машғулотдек туюлса-да, унинг замирида беғубор болалик, осуда осмон ва тинч ҳаёт рамзи мужассам. Қирқовул адирларида осмонга кўтарилган ранг-баранг варраклар худди болалар орзусидек юксак парвоз қилар, уларнинг кулгиси эса атрофга ҳаётбахш қувонч бағишларди.

Сайлга 15 мингдан ортиқ аҳоли йиғилиб, ҳақиқий халқ байрамига айланди. Бир томонда спорт мусобақалари қизғин тус олган бўлса, яна бир томонда онахонлар ўлан ва лапарлар куйлаб, миллий анъаналаримизнинг бетакрор жозибасини намоён этишди. Урчуқ йигириб, пахта саваётган онахонлар эса ёш авлодга қадимий қадриятларимизни амалда кўрсатиб, уларни асраб-авайлашга даъват этди.

Айниқса, тош кўтариш мусобақаси барчада катта қизиқиш уйғотди. Ёши етмишларни қаршилаган отахоннинг 16 килограмлик тошни 50 марта кўтаргани ёшларга ҳайрат берди. Кураш мусобақалари эса сайлга янада шиддат бағишлади. Бу ҳолат Қўшработда алп полвонлар билан бирга Тўмарисдек жасур, шижоатли қизлар ҳам камол топаётганидан далолат беради.

Тадбир бошланиши арафасида туман ҳокими Дилшод Шакарбоев билан суҳбатлашиб турганимизда, ёнимиздан осмонга тикилганча югуриб ўтаётган болалар эътиборимизни тортди. Улар варрак учириш илинжида эди. Шу пайт ҳоким осмонга ишора қилиб, фикр билдирди: “Айрим давлатлар осмонида ракеталар учяпти, бизда эса варраклар...”. Бу гап оддий ташбеҳ эмас, балки юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг чуқур маъносини ифода этарди.

Сайлга фольклор жамоалари, қўшработлик санъаткорлар ҳамда пойтахтдан келган таниқли хонандаларнинг чиқишлари алоҳида файз бағишлади.

Наврўз сайли – шунчаки байрам эмас. У халқнинг бирлиги, қадриятларга садоқати ва тинч ҳаётга бўлган шукроналигининг ёрқин ифодасидир. Қўшработ адирларида ҳилпираган варраклар эса ана шу осуда осмон остидаги бахтли ҳаётимизнинг рамзи бўлиб қолаверади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).