Аҳолининг психологларга эҳтиёжи ошяпти
Кўрсатилаётган хизмат шунга мосми?
Илгари психологга мурожаат қилган одамга муносабат бошқача бўлган. Ҳозирги кунда эса бунга одатий ҳол сифатида қаралмоқда. Яъни, фуқароларнинг психолог хизматига эҳтиёжи ортиб боряпти. Демак, аҳолининг руҳиятида ўзгаришлар муаммолар кўпайган.
Бугун барча туман (шаҳар)ларда «Инсон» ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилган. Марказларда катталар ва вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича икки нафардан психолог фаолият кўрсатмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2024 йилда «Инсон» марказлари психологлари томонидан 3362 нафар фуқарога психологик хизмат кўрсатилган бўлса, 3000 нафардан зиёд фуқарога психологик консультация берилган. Хўш, вилоятдаги “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари психологлари қандай ишлаяпти, кўрсатилаётган психологик кўмакдан одамлар фойда топяптими?
Шу каби саволларга Тойлоқ тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи Мўмина Ҳасановадан жавоб олдик.
- Психологларнинг бошқа касб эгаларидан фарқи нимада, сизларга қандай талаблар қўйилган? Суҳбатимизни шундан бошласак.
- Ҳозирги кунда жамиятда психологларсиз замонавий ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Чунки инсон қалбининг шифокори - бу психологлар. Психология кўп қиррали, психологнинг вазифаси эса муайян одамнинг ҳаётини, унинг ҳис-туйғулари ва руҳий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда уни баҳолаш. Асосийси, одамларни тушуниш ва унга таъсир ўтказиб, муаммоларига ечим топиш психологнинг бош мақсади. Шунинг учун шахснинг ривожланиши, унинг профессионал фазилатлари психологнинг касбий ҳаётида муваффақият қозонишининг энг муҳим шарти. Психологларга мурожаат қиладиган инсонларнинг муаммолари аксарият ҳолларда чалкаш ва ўтмишда чуқур из қолдирган бўлади. Ҳатто, энг тажрибали мутахассис учун ҳам уларни тушуниш қийин бўлиши мумкин.
- Кейинги пайтда одамларнинг психолог ва руҳшунослар хизматидан кўп фойдаланаётгани сабаби нимада?
- Ҳозирги кунда мурожаатлар кўпайгани рост. Бироқ бунда фақат кимнидир ёки қайсидир воқеани сабаб қилиб кўрсатиш тўғри эмас. Чунки жараён турли омилларга боғлиқ. Хусусан, жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришлар, технологик тараққиёт ва бутун дунёни ларзага солган пандемия натижасида пайдо бўлган стресслар ва ҳоказо. Мисол учун, мурожаатларнинг аксарияти меҳнат ва ижтимоий стресс билан боғлиқ. Буни эмоционал ва ишонч камайиши дейиш мумкин. Яъни, иш жойларидаги қатъий талаблар, рақобат муҳити ва ишсизлик одамларнинг психоэмоционал ҳолатини бузяпти. Оиладаги келишмовчиликлар, ишсизлик, маош камлиги, етишмовчилик натижасида зарарли иллатларга ружу қўйиш, осон пул топишга уриниш, ҳар доим босимда бўлиш ёки келажакдан қўрқиш, инсонларнинг психологик ҳолатини ёмонлаштирмоқда.
Инсон психологиясига кучли таъсир қилаётган яна бир омил рақамли депрессия. Яъни, ижтимоий тармоқлар одамларга ўзига хос тарзда таъсир этмоқда. Техникага ҳаддан ташқари мурожаат қилиш, ижтимоий тармоқлардаги “идеал” ҳаётга ўзини солиш депрессияга олиб келмоқда. Мобил қурилмалар ва онлайн ишлаш тарзи ҳам оилавий ва шахсий ҳаётдаги муаммоларни кучайтиряпти.
Пандемия одамларнинг нафақат соғлиғига, балки руҳиятига ҳам таъсир қилмай қолмади. COVID-19 пандемияси давомида бўлган карантин ва изоляция одамлар орасида ижтимоий алоқа бузилишини, аниқ йўллар ва мақсадлардан ташқарига чиқишни ва депрессияни олиб келди. Одамлар ўртасида ўзларини ўрганиш, қизиқишлар ва ҳаётга бўлган муносабатлар ўзгарди. Кўпчилик хасталик ва соғлиқ билан боғлиқ оғирликлар туфайли, ўзини йўқотиб, психологик ёрдамга эҳтиёж сезмоқда.
- Асосан тазйиқ ва зўравонликка учраган, оғир вазиятга тушиб қолган ёки шу каби ҳолатларга дуч келиши мумкин бўлган фуқаролар билан ишлашингизга тўғри келади. Умуман, одамлар кўпроқ қандай масалаларда мурожаат қилишади, улар билан қандай ишлайсиз?
- Тўғри, аксарият ҳолларда ижтимоий ходимлар томонидан йўналтирилган ижтимоий ҳимояга олинган, зўравонликка учраган, ногиронлиги бўлган, стрессга тушган ёки ёлғиз фуқаролар билан ишлаймиз. Бундай тоифадаги одамлар кўпроқ саломатлиги, келажаги ва оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий аҳволидан хавотирда бўлади. Асосийси, улар меҳр ва эътибор, қизиқишини қўллаб-қувватлашларини истайди. 2024 йилда тумандаги ана шундай тофидаги 260 нафар фуқарога психологик ёрдам кўрсатдик.
Мисол учун, Ўзбекистон маҳалласида ёлғиз яшовчи бир фуқаро билан қарийб 6 ой ишладим. Аввал ҳисобчи бўлиб фаолият юритган фуқаро ҳозир нафақада. Ёлғизлиги сабабли одамлардан ажралиб, стрессга тушиб қолганди. У киши билан доимий учрашувлар, суҳбатлар ташкил қилиб, фаол тингловчи бўлишга, сабр билан эшитишга ҳаракат қилдим. Терапия сифатида фототерапиядан кўпроқ фойдаландим. Яъни, ўзининг расмларидан ижобий хотираларини айтиб беришини, қизиқишларини сўраб, уларни амалда ҳам бажаришга ҳаракат қилдик. Маҳалла аҳли ва ижтимоий ходим билан ҳамкорликда, фуқаронинг одамлар билан кўпроқ мулоқот қилишини ҳисобга олиб, уйи олдида кичикроқ савдо дўкони очиб берилди. Ҳозир у киши савдо қиляпти ва бундан биз ҳам, унинг ўзи ҳам хурсанд.
- Борди-ю одамларнинг муаммоларига психологик ёрдам таъсир кўрсатмаса, унда қандай йўл тутилади?
- Албатта, психолог хизматига эҳтиёжи бор мурожаатчилар орасида тўрт мучаси соғ, вояга етган, асосан 20, 30 ва 40 ёшдаги ҳаёт йўли, манфаатларини аниқлаш ва ишлашда қийналаётганлар ҳам кўп. Масалан, 20-30 ёшдагиларда шахсий ҳаёт, оила қуриш, ишга жойлашиш ва ижтимоий муносабатлар билан боғлиқ муаммолар кўпроқ. 30-40 ёшдагилар эса депрессия, анксиозлик (қўрқув ва хавотир), муваффақиятсизлик ечими бўйича маслаҳат сўрашади. Энг кўп мурожаат қиладиганларнинг асосий тоифаларидан бири ишини шахсий ҳаётдан қандай ажратишни билмайдиган одамлардир. Шунингдек, шахсий муаммоларини оммага ошкор қилиб, стрессга тушиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Бундан ташқари, ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги ва доимий равишда ўзгариб турадиган ҳаёт шароитлари билан замонавий вақт: давлат ва у қабул қиладиган қонунлар, мамлакат ва дунёдаги сиёсий вазият юзасидан ҳамда хавотирли янгиликларни эшитиб ёки кўриб, психолог ва руҳшуносларга эҳтиёж сезадиганлар ҳам бор.
Бу тоифадаги фуқаролар билан мулоқот жараёнида ёки амалга оширилган психологик ишлар натижасида уларнинг муаммоларига юз фоиз ечим топиш қийн. Бундай ҳолларда мижозлар билан ишлашда уларнинг шикоят локусига кўпроқ эътибор қаратамиз. Яъни муаммога сабабчи ўзими (интернал) ёки атрофдагилардан (экстернал) сабаб излайдими? Балки фуқаронинг соғлиғида муаммо борлиги, ўзаро келишмовчиликлар, оғир тоифадалиги, стресс, депрессия ҳолатлари ҳисобга олиниб, маҳалла еттилиги, соғлиқни сақлаш, ИИБ, ФҲДЁ, туман ҳокимлиги масъуллари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Жумладан, яқинда туманда пробация ҳисобида турган 20 нафар хотин-қиз учун тренинг ва суҳбатлар ташкил этиб, қизиқишига кўра касб-ҳунар, ўқиш ва ишга йўналтирилди.
- Тизимда қандай муаммо ва камчиликлар бор, соҳани ривожлантириш учун нималар қилиш керак?
- 10 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Ўзбекистонда психологик хизмат кўрсатиш соҳасида бўшлиқлар кўп. Хусусан, "Инсон" ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказида оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар билан ишлаш мақсадида психологлар фаолияти йўлга қўйилган. Бироқ маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ижтимоий ходимлар ўз ҳудудидан камида тўрт-беш нафардан психологик ёрдамга муҳтож фуқароларни рўйхатга олса, бу битта туманда 400 нафарга яқин киши билан ишлаш керак дегани. Бир нафар мурожаатчи билан суҳбатлашиш, муаммоларини эшитиб, таҳлил қилиш учун кунлаб, ҳафталаб вақт кетса, муаммоларини ҳал қилишга ойлаб муддат керак. Бу эса ижтимоий марказларда фуқаролар билан ишлаш учун икки нафар психолог камлик қилишини кўрсатади. Шу билан бирга, марказларда замонавий талабларга жавоб берадиган алоҳида психологик хоналар ҳам йўқ.
Бу каби муаммоларга ечим топиш ва фуқароларга сифатли психологик ёрдам кўрсатиш учун биринчи навбатда туманларда психологик марказ ва бўлимлар фаолиятини йўлга қўйиш керак. Иккинчидан, ҳозир олий маълумотга эга бўлмаган ва сохта психологлар кўпайиб кетган. Бу тоифадаги психологлар учун лицензиялаш тизимини жорий қилиш лозим. Учинчидан, мактабларда олий маълумотли психолог ўқитувчиларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда 1000-1500 нафар бола ўқийдиган мактабда битта психолог ишлаши етарли эмас.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.