Кўчани ёритишда ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати аниқланди
“Ўзэнергоинспекция”нинг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда “Энергосавдо” Самарқанд туман бўлими мутахассислари иштирокида “Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонасига тегишли кўча ёритиш чироқларининг электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида Ўзбеккенти маҳалласидан ўтувчи М-37 “Тошкент–Самарқанд” автомобиль йўлининг 4–5-километр қисмида ўрнатилган кўча ёритиш чироқлари ҳолати кўздан кечирилди.
Текширув давомида мазкур ёритиш мосламалари Самарқанд туман электр тармоқлари ҳисобида турган 1276-сонли трансформатор пунктининг 0,4 кВли тармоғига улангани, аммо 45 дона кўча ёритиш чироқлари ҳисоблагичдан ташқари ҳолда уланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 14,5 кВтни ташкил этгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” 133-бандининг “з” кичик банди талабларига зид экани, яъни тармоққа ноқонуний уланиш орқали электр энергиясидан фойдаланиб келингани аниқланди.
Аниқланган қоидабузарлик ҳолати юзасидан “Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонасига нисбатан белгиланган тартибда электрон далолатнома расмийлаштирилди. Дастлабки ва умумий даъво муддати учун амалга оширилган қайта ҳисоб-китобларга асосан таъминотчи корхонага жами 190 530 кВт/соат электр энергияси ёки 571 миллион 590 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Мазкур ҳолат бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши белгиланди.
Дилшод Сайпиев,
"Ўзэнергоинспекция" вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.