Америкада ҳам мижозлари бор қуроқчи
Сожида Йўлдошева Нуробод туманининг Иттифоқ маҳалласидан, лекин туман марказидан жой олиб ишлайди. Мижозлар билан ишлаш шуни тақозо этади. Унинг тикувчилиги оддий кўйлак, ё кўрпа-тўшак тикишдан фарқ қилади. Мижозлари ҳам фақат нурободликлар эмас, республикамизнинг барча вилоятларида унинг маҳсулотларига талаб бор. Нафақат мамлакатимиз, балки қўшни республикалар, Россия, ҳатто Америкадан у тиккан маҳсулотларни сўровчилар топиляпти. У бу тадбиркорликни қандай йўлга қўйди?
- Аслида 2004 йилдан бери тикувчилик қиламан, шу орқали озми кўпми даромад топиб келганман, - дея гапириб беради Сожида Йўлдошева. – 2022 йилдан бошлаб эса 5 миллион кредит олиб, тикув машинкалари сотиб олдим ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошладим. Бундай йўл тутишимга сабаб бор. Бундан бир неча йиллар аввал энам, яъни қайнонамнинг кўрпа-тўшаклари орасида тикилиши бошқачароқ бўлган қуроқ ёстиқни кўриб қолдим. Анча эскириб кетган бўлишига қарамай ўзига хос, чиройли тикилганлиги билиниб турарди. Шунга ўхшатиб тикиб кўрмоқчи бўлдим, қарасам, яхши чиқди. Бу бизда кам учрайдиган қуроқ тарзда тикилган ёстиқлар эди. Шундай қуроқ усулида кўрпачалар тика бошладим, харидорлар кўпайди. Кейинроқ шу усулда бешик ёпинчиқлари, чимилдиқ, дастурхон, умуман, хонадонга керакли бўлган турли ёпинчиқларни тикишни йўлга қўйдик. Ижтимоий тармоқларда “Сожида қуроқлари” номи билан канал очдим. Турли вилоятлардан қуроқ кўрпача ва бошқа буюмлар буюртма туша бошлади. Бугун почта хизматлари йўлга қўйилгани учун буюртмаларни почта орқали тарқатдик. Шунинг учун гарчи ўзимизнинг маҳалламиздан жой ажратилган бўлса-да, аммо буюртмаларни ўз вақтида етказиб беришда баъзи харажатларнинг олдини олиш учун туман марказига келиб иш бошладик. Агар каттароқ бино бўлганида янаям кўпроқ ишчи олиб, ишимизни кенгайтирган бўлардик. Чунки буюртма кўп, аммо тикувчиларимиз кам.
Ушбу усулдаги қуроқ буюмларни тикишни онлайн ўргатишни йўлга қўйдим. Республикамизнинг турли вилоятларидан 15 га яқин хотин-қизларга маълум маблағ эвазига онлайни курсларимизни сотдик. Ҳозир АҚШ, Франция, Россия ва бошқа хориж давлатларидан ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш билдиришмоқда.
Тадбиркор тиккан маҳсулотларни кўздан кечирар экансиз, уларнинг ўзига хос бўлган нақш ва безаклари эътиборталаб ва айни пайтда замонавий эканлигига гувоҳ бўласиз. Аммо ушбу тадбиркор корхонасини кенгайтирса, яна қанчадан қанча қизлар ҳунарли, балки ишли бўлармиди. Ваҳоланки, яна озгина туртки бўлса, унинг қуроқ буюмлари Нурободнинг брэндига ҳам айланиши мумкинку!
Гулруҳ МЎМИНОВА,
Тўлқин СИДДИҚОВ (видео).