Асад – деҳқон учун масъулиятли палла
Асад – экинингни ясат, дейишгани рост. Чунки, саратон ва сунбула орасидаги асад ойида ғўза шонаси гулга, гул кўсакка, кўсак эса тўлишиб, лўппи пахтага айланади. Шу боис август деҳқон учун ҳал қилувчи палла саналади.
Шунинг учун фермерлар 27 июлдан бошланган “Ғўзани парваришлаш долзарб 30 кунлиги” тадбири доирасида асад ойида бажариладиган агротехник юмушлар билан машғул бўлмоқда. Ушбу тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Самарқанд вилояти пахтачилик кенгаши ишчи гуруҳ аъзолари - олим ва мутахассислар Нарпай туманидаги агрокластерлар, фермер ва деҳқон хўжаликларида бўлиб, айни кунларда ғўза майдонларида учрайдиган хавфли зараркунандалар (кўсак қурти, ўргамчаккана, қандала ва бошқалар)га қарши биологик ва кимёвий кураш тадбирларини назорат қилмоқда. Фермер хўжаликларига инновацион ёндашув асосида иш олиб боришнинг афзалликлари ҳақида зарур тавсиялар ва кўрсатмалар бермоқда.
Таъкидлаш лозимки, бу йил Нарпай туманида 242 та фермер хўжалиги томонидан 10 минг 762 гектар майдонда ғўза етиштирилмоқда. Бугун далаларда иш ўтган ойлардагидан кўра масъулиятли. Чунки ғўзалар аввал кун санаган бўлса, энди соат санайди. Ҳар бир новдадаги кўсаклар 4-5 тага кўпаяди. Бу ҳар гектардан қўшимча 10-12 центнер қўшимча ҳосил олиш имконини беради. Буни тўғри англаган пахтакорлар бугун ўз ўрнини далада деб билмоқда. Аммо уларга зарур тавсиялар бериш олим-мутахассисларнинг вазифаси.
Шу жиҳатдан ишчи гуруҳ аъзолари ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда. Ўрганишлар натижаларига кўра, “Янгиҳаёт теххизматлари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли 1-сон биолаборатория ғўза зараркунандаларига қарши биологик воситалар замон талабларига жавоб бермаслиги, бунда мазкур биолабораторияни замонавий услубда қайтадан қуриш ҳамда инновацион технологиялар билан жиҳозлаш, лаборатория ходимларини малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этиш лозимлиги аниқланди.
Бу камчиликларни инобатга олган ҳолда кластер корхонаси - "Мароқанд сифат" МЧЖ раҳбарияти билан йил якунига қадар биолабораторияни замонавий асбоб-ускуналар билан қайта жиҳозлашга, шунингдек МЧЖ қошида янги, замон талабларига жавоб берадиган биолаборатория ташкил этишга келишиб олинди.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ аъзолари кластер корхонаси мутахассисларининг ўргимчаккана билан зарарланган 3762 гектар ғўза майдонини, қандала билан зарарланган 4364 гектар майдонни зарур препаратлар билан ишлов берилишини кузатиб борди. Зараркунандаларга қарши кимёвий препаратлар қўлланилгандан сўнг эса гектарига 1000-2000 донадан олтинкўз, 1000-1500 донадан бракон энтомофаглари тарқатилди.
Бу каби юмушлар тумандаги “Нафисгул Орзу”, “Самандар Раҳмон”, “Зафаржон Ҳусанов”, “Нарпай Равшанбек далалари” каби фермер хўжаликларида сифатли ташкил этилди.
Пахтадан мўл ҳосил олишда уруғлик чигит сифати асосий омил саналади. Сифатли уруғлик эса бугундан яратилади. Шунинг учун тумандаги мавжуд 39 та уруғчилик фермер хўжаликларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада уруғлик майдонларда бир неча камчиликлар аниқланди. Уларни бартараф этиш мақсадида туман ишчи гуруҳи аъзолари фермер хўжаликлари иштирокида ўқув-тренинг ташкил этди ва сифатли уруғлик чигит тайёрлаш бўйича зарур тавсиялар берилди.