«Авлоний» фильми премьерасида Беҳбудийнинг абираси фильм ижодкорларига миннатдорчилик билдирди
Бугун «Шарқ юлдузи» кинотеатрида «Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан суратга олинган «Авлоний» бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди.
Яқинда Тошкентда мазкур фильмнинг илк премьераси ўтказилган ва талайгина баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Фильмнинг Самарқанддаги тақдимотида жой етмагани учун қўшимча ўриндиқлар олиб кирилди, зал томошабинларга тўлди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» асари асосида ишланган фильм намойишидан сўнг киноижодкорлар билан учрашув қизғин савол-жавоблар билан ўтди. Режиссёр Музаффар Эркинов, актёрлар Аброр Йўлдошев, Анвар Картаев, Бекзод Мирзаевлар фильмни олиш жараёнидаги ҳолатлар, қийинчилик ва мураккабликлар ҳамда фильм олинишидан кўзланган мақсад хусусида тўхталди.
Кино ҳақида томошабинлардан бири, Шоҳруҳ Беҳбудий (М.Беҳбудийнинг абираси) сўзга чиқиб, жадидлар ҳақида олинган фильм учун киноижодкорларга миннатдорчилик билдирди.
Премьерада вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.
***
«Авлоний» фильми ҳақидаги таассуротлар, унинг моҳияти хусусида батафсил тўхталамиз.
Г.МЎМИНОВА.