Бир кунлик жарима маблағига нечта эвакуатор сотиб олиш мумкин?

Самарқанд шаҳридаги Сиёб бозорини таърифлашга ҳожат бўлмаса керак. Афсуски, ушбу бозорга келган киши, айниқса, у четдан келса унда салбий таассурот қолдирадиган ҳолатлар кўп учрайди.

Масалан, бозорга яқинлашаверишингиз билан йўлларнинг тирбандлиги дилингизни хира қилади. Бозоргача бўлган 50 метр масофани бор-йўғи 30 дақиқада босиб ўтасиз. Йўлнинг бугунги ҳолатини кўриб, унинг таъмирланмаганига ҳам қирқ йил бўлгандир-ов, деб ўйлашингиз табиий.

– Бозорнинг юқори қисмида 1 гектар атрофидаги майдонга эга катта автотранспорт воситалари тўхташ жойи бор, – дейди Самарқанд шаҳар ИИБ ЙҲХБ 2-отряд командири Комил Расулов. – Аммо кўпчилик «Бирров бозорга кириб, савдо қилиб чиқаман», деган фикрда машинасини белгиланмаган жойга қўйиб кетади. Ваҳоланки, ана шу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида бозор атрофига бир нечта “Тўхташ мумкин эмас” белгиси қўйиб чиқилган, Аксарият ҳайдовчилар бу белгиларни кўрса-да, қоидага риоя қилишмайди. Хусусан, бугун бир соатнинг ўзида ана шундай 4 та қоидабузарлик аниқланиб, ҳайдовчиларга жарима белгиланди. Қолган автомобилларнинг эгаси кун бўйи келмайди.

Маълум бўлишича, автомобилларни жарима майдонига олиб кетиш учун эвакуатор етишмас экан. Шу ўринда бир савол туғилади. Бир кунлик йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга қўлланилган жарима маблағларига нечта эвакуатор сотиб олиш мумкин?

Бозор ичкарисидаги ҳолат кишини янада ўйга толдиради. Хўжалик моллари, кийим-кечак, озиқ-овқат сотувчи опаларимизга савдо қилиши учун расталар ажратилмаганмикан? Уларни ерда савдо қилишига нима ёки ким мажбур қиляпти?

Ҳа, айтгандай. Самарқанд шаҳрида йўлларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолган жойлари кўп. Биргина мисол қилиб, Нарпай кўчаси билан темирйўл кесишмаси атрофини келтириш мумкин. Кўриб турганингиздек, йўл четидан оқаётган сувнинг ҳидига чидаб бўлмайди. Чуқурликка тўпланган сув ичида нима борлигини аниқлаш мушкул. Мутасаддилар ҳам буни билишармикан?

Баҳриддин Хонкелдиев.