“Сиёб деҳқон бозори”да жой талашиб, жанжал қилган сотувчиларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилди
2021 йил 5 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган “Сиёб деҳқон бозори”да савдо қилувчи бир гуруҳ сотувчилар савдо жойи учун талашиб ўзаро муштлашган эди.
ИИВ ахборот хизмати уларнинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилганини маълум қилди.
Жорий йил 10 сентябрь куни “Сиёб деҳқон бозори”да савдо қилувчи бир гуруҳ сотувчилар савдо жойи учун талашиб, ўзаро муштлашгани ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилган.
Суд қарорига асосан, фуқаролар Н.Нафиса ҳамда У.Нигора Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва 52-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган. Уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 (уч) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Фуқаролар А.Нодиржон ҳамда И.Равелжон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган. Уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Вояга етмаган А.Диёржоннинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлган. Аммо А.Диёржон жавобгарлик ёшига етмагани сабабли унинг қонуний вакили бўлган отаси Н.Нуруллога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Баённома қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд шаҳар вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссиясига юборилган.