Божхона ҳалол тадбиркорлик тарафдори
Кейинги йилларда давлат бюджетига келиб тушаётган божхона тўловлари ҳажми сезиларли даражада ўсди. Хусусан, вилоят божхона бошқармаси 2025 йилда бюджетга тушумни режадаги 3,67 триллион сўм ўрнига 3,85 триллион сўм этиб бажарди. Ўтган йил билан таққосланганда 458,7 миллиард сўм ёки 13,5 фоизга ошди.
Ўзбекистонда тадбиркорларга имтиёзлар бериш бизнес ривожида муҳим омил сифатида кўрилади. Бу борада 2025 йилда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 2,98 триллион сўмга яқин имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилди. Божхона тўловлари бўйича берилган имтиёз 2024 йилга нисбатан 226 миллиард сўмга ёки 26,5 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш тартиблари соддалаштирилди. Бунинг натижасида ўтган йил 615,6 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини тўлашда тадбиркорлар ушбу имкониятдан фойдаланди.
2025 йилда вилоят божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан экспорт 1200,1 миллион долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 302,5 миллион АҚШ долларига ёки 33,7 фоизга кўпайган.
Экспорт таркибидаги асосий товарларни турлари билан таҳлил қилсак, мева-сабзавот - 433,7 миллион доллар ёки умумий экспортнинг 36,1 фоизини, металл ва металл буюмлар – 170,6 миллион доллар ёки 14,2 фоиз, транспорт ва қисмлари (самолёт 2 та, 101 миллион доллар) - 149,9 миллион доллар ёки 12,5 фоиз, озиқ-овқат - 140,6 миллион, тўқимачилик маҳсулотлари 108 миллион, тамаки маҳсулотлари 89,5 миллион, тош, керамика ва шиша буюмлар 17,1 миллион, кимё саноати маҳсулотлари 12,1 миллион, электротехника ва унинг қисмлари 11,7 миллион долларни ташкил этган.
Шу билан бирга импортимиз 2709,8 миллион долларни ташкил этди.
Бизга асосан металл ва металл буюмлар, технологик асбоб-ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ва тиббиёт буюмлари, пластмасса ва резина маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари келтирилди.
Импорт қилинган маҳсулотларимиз асосан Хитой (29,9 фоиз), Россия Федерацияси (26,8 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз) ҳамда Туркия (5,8 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.
“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар сони ҳам сезиларли ошди. Масалан, 2024 йилда 1 миллион 361 минг 766 нафар йўловчи қайд этилган бўлса, 2025 йилда йўловчилар сони 150 минг нафарга (11 фоиз) ошди.
“Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари 2024 йилда 107 минг 983 тани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 136 минг 904 тага етди. Йўловчилар ҳаракати эса 2024 йилга нисбатан 142 минг 844 нафарга кўпайган.
Вилоят божхоначилари томонидан 2025 йилда аниқланган 2044 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида жами 59 миллиард 957,65 миллион сўмлик товар ва транспорт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. 1094 та маъмурий ва 59 та жиноят ишлари қўзғатилди.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 54 ҳолатда жами 80,6 килограмм гиёҳвандлик моддаси, 19 ҳолатда жами 9787 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи таблеткалар ноқонуний айланмаси аниқланди.
39 ҳолатда 287,9 миллион сўмлик 3273 литр алкоголь маҳсулотлари ҳамда 227 ҳолатда 1,6 миллиард сўмдан зиёд 31 минг 970 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси ҳам тўхтатиб қолди.
Валюта қимматликлари олиб ўтиш билан боғлиқ 76 ҳолатда 2,6 миллиард сўм аниқланган. Шунингдек, 91 ҳолатда 12,7 миллиард сўмлик 30,8 килограмм заргарлик буюмлари ушлаб қолинган.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.
2025 йилда вилоят божхона бошқармасига жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролар томонидан 160 та мурожаат келиб тушган ва улар белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Ғайрат Сатторов,
вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.