Бу миллатни букиб бўлмас
Тупроғини ўпиб ўсган қалқон эл бу,
Улуғ йўлда кетаётган карвон эл бу,
Жўмард эл бу, вазмин эл бу, полвон эл бу,
Бошда дўппи, белбоғини ечмас Ўзбек.
Жондан кечар, лек Ватандан кечмас Ўзбек!
Ким дунёсин тор билар, ким кенг билади,
Ким камига мутеликни енг билади?
Қай шер ўзин тулкиларга тенг билади?
Шер макон бу, шаънига доғ тўкиб бўлмас,
Шер юракли бу миллатни букиб бўлмас!
Оқиллиги бобосидан мерос қолган,
Ҳурмат қолган, иймон қолган, ихлос қолган,
Пирларининг қўлин олган, дуо олган,
Аждодига тош отиб ё тегиб бўлмас,
Ихлоси бут бу миллатни эгиб бўлмас.
Не олғирлар келиб кетди, ўзи билар,
Тузлиғига тупурганни тузи билар,
Унга эркни ўргатмангиз, ўзи билар!
Гул бағрига тиканакни экиб бўлмас,
Гул юракли бу миллатни енгиб бўлмас!
Кимдир четдан бу юртга тўн бичмоқ бўлар,
Қизларидан ор кўйлагин ечмоқ бўлар,
Шарбат тутган қўлдан ким қон ичмоқ бўлар?
Андишани қўрқоқликка менгиб бўлмас,
Ор-номусли бу миллатни енгиб бўлмас!
Ўтаверсин фаранг, инглиз, олмони ҳам,
Ўзи билан яхшиси ҳам, ёмони ҳам,
Олтин бўлса гар дунёнинг тўрт ёни ҳам,
Ўз Ватанинг бир гардига тенгиб бўлмас,
Ўзига бек бу миллатни енгиб бўлмас!
Шаҳло АҲРОРОВА,
шоира.