Булунғурлик Суҳроб АҚШнинг Флорида университетида ўқияпти
У вилоятдаги тенгдошлари билан нималарни ўртоқлашди?
Самарқанд шаҳрида халқаро ижодкор ёшлар форуми (Creative youth forum) бўлиб ўтди.
Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ва “Samarkand Innovative centre” нодавлат таълим муассассаси ҳамкорлигида илк марта ташкил этилган форумда SIUT, John Hopkins, Cornell University, Hong Kong University, Bates College, University of South Florida, New York University, Oxford University ҳамда дунёнинг яна бир қатор нуфузли олийгоҳлари профессор-ўқитувчи ва талабалари, хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.
- Ижодкор ёшлар форуми ўзбекистонлик ёшларни SТEМ таълими (фан, технология, муҳандислик ва математика) доирасида ўз қизиқишларига кўра, соҳага оид билим ва кўникмаларини ривожлантиришлари учун ташкил этилди, - дейди Самарқанд халқаро технология университети ўқув ишлари бўйича проректори Анвар Сайфуллаев. – Форумда академик ва илмий соҳалардаги етакчи мутахассислар, хусусан, дунёнинг энг нуфузли университетларидаги ёш олимлар билан яқиндан танишиш, улар билан фикр алмашиш ҳамда келажакда уларнинг Ўзбекистонда жаҳон даражасидаги SТEМ таълимини ривожлантиришга ҳисса қўшишлари учун имконият яратишга қаратилган.
Тадбирда академиклар, экспертлар, олимлар, илм-фан ва технология соҳасининг етук намояндалари ҳамда ихтирочи ва ижодкор талабалар биотехнология, сунъий интеллект, компьютер фанлари, қайта тикланадиган энергия манбалари, рақамли иқтисодиёт, иссиқлик энергетикаси, тиббиёт, математика соҳасига доир, шунингдек, SТEМ таълимига оид мавзуларни муҳокама қилди, тажрибалари билан ўртоқлашди.
- Ҳозирги кунда юртимизда хорижий тилларни ўрганиш учун яратилаётган шароит ёшларга жаҳон адозаларига эга таълим дастурлари билан танишиш ва жаҳон бозорида ўз брендини яратишга имкон яратмоқда, - дейди таълим стандартлари ЮНEСКОнинг АҚШдаги Клублар ассоциацияси томонидан тан олинган, Марказий Осиёдаги ягона таълим муассассаси бўлган Innovative centre нодавлат таълим муассасаси директори Муҳаммадхон Солиев. – Хусусан, 2018 йилда Самарқандда биринчи марта IELTS имтиҳонини ташкил этганимиздан буён вилоятдан 12 минг нафар ёшлар имтиҳон топширди. Шундан минг нафардан зиёди IELTS имтиҳонидан юқори балл тўплаб, жаҳоннинг нуфузли университетларига ўқишга кирди. Мана, бугун ижодкор ёшлар форумида улар ҳам иштирок этиб, SТEМ таълими, яъни фан, технология, медицина, муҳандислик ва математика соҳасида дунёнинг етук мутахассислари ва иқтидорли ёшлари қаторида ўз лойиҳалари билан иштирок этди ва қўшма стартап лойиҳалар яратишга келишиб олинди.
Булунғурлик Суҳроб Муродов Ўзбекистонда биринчи бўлиб С2 сертификатига эга бўлган. Бу IELTS'да энг юқори 9 балл дегани. У 19 ёшида IELTS имтиҳонидан максимал баллни қўлга киритган энг ёш ўзбекистонликка ҳам айланган. Айни пайтда Суҳроб АҚШнинг Флорида университетида учинчи босқич талабаси. Ижодкор ёшлар форумида у ҳам ўз лойиҳалари билан иштирок этди.
- Форумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инжиниринг лойиҳаларига қандай қилиб инвестиция олиб кириш бўйича тақдимот қилдим, - дейди Суҳроб. – Таклифларим мутахассисларга манзур бўлди ва уни амалда қўллаш мумкинлигини билдиришганидан хурсандман. Аммо лойиҳаларим ҳали тўлиқ якунланмаган. Ҳозирда ўқиш билан бирга, АҚШдаги корхоналарда айни шу соҳада амалиёт ўтаяпман. Насиб қилса, ишларимни тўлиқ якунлаб, Ўзбекистонга катта бизнес-режалар билан қайтаман.
Фазлиддин Рўзибоев.