Эл эъзозидаги ҳофиз

Баҳодир Сирожиддинов (Баҳодир танбур) 1963 йил 15 апрелда Тойлоқ туманида адабиётга ва санъатга дахлдор, зиёли оилада туғилиб, вояга етди.

Ҳофиз Баҳодир Сирожиддиновни бугун нафақат вилоятимиз, балки республикамиздаги санъат ихлосмандлари яхши билади.

У 1980 йиллар бошида Самарқанд давлат филармониясида яккахон хонанда сифатида илк ижодий фаолиятини бошлади. 1990-1995 йиллар Тошкент давлат маданият институтида таҳсил олди.

Баҳодир Сирожиддиновнинг репертуари мазмунан бой ва ранг-баранг. Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Фузулий, Ҳофиз, Саъдий, Фурқат сингари мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларига, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби ўнлаб шоирлар шеърларига куй басталаб, ашулалар яратди.

2011 йилда ҳофизнинг оилавий ансамблига «Халқ ҳаваскорлик жамоаси» унвони берилди.

"Шуҳрат" медали соҳиби, элимиз эъзозидаги ҳофиз Баҳодир Сирожиддиновни 60-баҳори билан қутлаймиз!