Грузияда намойишчиларнинг яна бир талаби қондирилди

Грузия ҳукмрон партияси намойишчиларнинг яна бир талабини қондирди. Энди навбатдаги парламент сайлови пропорционал тизимда ўтади. Бу грузин мухолифатининг учта асосий талабидан бири эди, деб ёзмоқда Minbar.uz

Грузияда ўн минглаб одам 20 июндан бери тўхтамасдан "рус ишғоли"га қарши намойиш ўтказмоқда. Норозилар «Россия – оккупант», «Ватанимнинг 20 фоиз ҳудудини Россия босиб олган» каби шиорларни кўтариб чиқдилар.

Мухолифат ҳукуматга учта талаб қўйди: парламент раиси Ираклий Кобахидзе (бажарилди!), ИИВ вазири Георгий Гахариянинг истеъфоси ва парламентга сайланиш тартибини ўзгартириш (бажарилди!).


 Норозилик акциясига россиялик депутат Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Грузия парламенти спикерининг курсисига ўтириб, раислик қилгани ва рус тилида гапиргани сабаб бўлди.

21 июнда Россия президенти Владимир Путин 8 июлдан Грузияга авиақатновларни тақиқлайдиган қарорни имзолади. Шу кундан бошлаб грузин авиакомпанияларига ҳам Россияга учиш тақиқланди.