Ҳарбий хизматчилар Паст Дарғомдаги олис қишлоқларни дезинфекция қилди
Дунё бўйлаб тобора глобаллашиб бораётган коронавирус инфекцияси мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Унга қарши курашишда ватандошларимиз карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Бу каби тадбирларда ҳарбий хизматчилар ҳам жонбозлик кўрсатяпти.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази радиацион кимёвий биологик муҳофаза цикли ва тиббиёт хизмати ишчи ходимларидан тузилган дезинфекция гуруҳи махсус ҳарбий техникалар билан Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманига қарашли олис қишлоқлар, маҳаллалар, кўчалар ва хонадонларни дезинфекция қилишди. Олис қишлоқларни дезинфекция қилиш ишлари билан бир қаторда, ҳарбий техникаларга ўрнатилган махсус овоз кучайтиргичлар ёрдамида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, коронвируснинг олдини олиш, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда фуқароларимиздан ваҳимага тушмаслик ҳақидаги махсус мурожаатларни эшиттириш орқали халқимизга ёрдам қўлини чўзди. Шунингдек коронвирусдан сақланиш бўйича махсус маълумотнома материаллари ва ниқоблар фуқароларимизга тарқатилди.
Бу каби тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.