Коррупцияни тўхтатишга қодир бўлган назорат тизимини шакллантирувчи омиллар қайсилар?

Мамлакат тараққиётига асосий тўсиқ коррупция ҳисобланади. Коррупция келиб чиқишининг асосий сабаби назорат тизими фаолиятининг заифлиги билан боғлиқ. Қачон ва қаерда назорат фаолияти заиф бўлса, эртами-кечми, ўша жойда албатта, коррупция келиб чиқади.

 Коррупция иллатини бартараф қилишда адолатли ижтимоий тартибнинг ўрнатилиши назорат тизимини кучлилигига ва самарали ишлашига боғлиқ. Шунинг учун асосий эътибор назорат фаолиятини самарали қилиш йўлларини топишга қаратилиши керак.

Хўш, Ўзбекистонда шаклланиб бораётган назорат фаолиятининг самарали ишлашига нималар тўсиқ бўляпти? Келинг, дастлаб шу ҳақда фикрлашайлик.

Биринчидан, бу мақсадга эришиш учун ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳуқуқ ва ахлоқ нормаларига риоя этилишини назорат қилиш механизмини шакллантириш ва унинг самарали ишлаб туришини таъминлаш керак. Чунки назорат механизми ишлаб турган ҳолда жазонинг муқаррарлиги амалда таъминланади ва бундай ҳолда одамлар қонунни бузиш эҳтимоли пайдо бўлганда қўрқувни ҳис қилиб, нормаларни бузишдан ўзларини тийиб яшайди.

Иккинчидан, ҳозир бизда демократиянинг шакли бор ва фақат шакл билан назорат фаолиятини самарали амалга ошириб бўлмайди. Назорат фаолиятини самарали амалга ошириш учун демократиянинг мазмунини ҳам яратиш керак.

Учинчидан, назорат фаолиятининг самарали ишлашига тўсиқ бўлган яна бир сабаб бу ушбу фаолиятга доир билимнинг етарли эмаслигидир. Чунки ҳар қандай фаолиятнинг самарадорлиги ўша фаолиятга доир билимга боғлиқ бўлади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда олий таълим тизимида ва умуман, таълим тизимида жамиятга назорат фаолиятига доир билимни берадиган бирор-бир фан ўқитилмайди. Ваҳоланки, ҳар қандай билим, энг аввало, таълим тизимида шаклланади.

Тўртинчидан, мамлакатимизда назорат фаолиятини самарали амалга оширишга бўлган тўсиқлардан яна бири аҳолининг айрим қисмидаги бефарқлик кайфияти ҳисобланади. Агар жамоатчиликка назорат фаолиятига доир билим берилса, лекин жамият бефарқ бўлса, назорат тизими самарали ишламайди. Бунда одамлардаги назорат фаолиятига доир билим кераксиз фактлар бўлиб, одамларнинг миясида фойдасиз ётаверади.

Энди бу муаммоларга ечим излайлик.

Аввало, инсон ақлли бўлиши мумкин. Лекин айни бир пайтда у нодон бўлиши ҳам мумкин. Буни тушуниш учун ақлли билан дононинг фарқини билиш керак. Инсон билим негизида ақлли бўлса, маънавият негизида доно бўлади. Маънавий жиҳатдан қашшоқ одам нодон бўлади. Демак, назорат тизимининг самарали ишлашига тўсиқ бўлган бир жиҳат - бефарқлик кайфиятини бартараф қилиш маънавий юксалишга боғлиқ. Ахлоқий тарбия негизида маънавиятни юксалтириш орқали бефарқликни жиловлаб, дахлдорлик ҳисини шакллантириш назорат тизимини самарали қилувчи муҳим омил ҳисобланади.

Ана энди кейинги босқичга ўтамиз: назорат тизимининг самарали ишлашига жиддий тўсиқлардан бири коррупция иллатидир. Чунки коррупция назорат заиф бўлган жойда келиб чиқади ва шунинг учун ҳам назорат кучайишига қарши бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш икки йўналишда олиб борилмоқда. Биринчи йўналиш жиноят содир қилганларни жазолашнинг муқаррарлигини таъминлаш бўлса, иккинчи йўналиш ҳали жиноят содир қилинмасдан олдини олишга қаратилган профилактика ишларидир. Бунда асосий эътибор иккинчи йўналишга, яъни профилактика ишларини самарали амалга оширишга қаратилмоқда. Профилактика ишларининг муҳимлиги шундаки, у коррупция сабабини бартараф қилишга хизмат қилади, жазолаш эса фақат оқибатни бартараф этишни таъминлайди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, назорат тизимининг самарали ишлаши учун иккита муҳим омил шаклланган бўлиши керак. Биринчиси, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш орқали қонунни бузиш эҳтимоли пайдо бўлганда, давлатдан бўлган қўрқувнинг мавжудлиги. Иккинчи муҳим омил ахлоқ нормаларини бузиш эҳтимоли пайдо бўлганда, Аллоҳдан бўлган қўрқувнинг мавжудлиги. Ана шу икки хил қўрқувнинг одамларда мавжудлиги коррупцияни тўхтатишга қодир бўлган назорат тизимини шакллантиради.

Маҳмуджон Aбдуллаев,

Самарқанд давлат университети талабаси.