Кредит 15 мартдан олдин олинган бўлса, кредит таътили берилмайдими?

“Кредит таътили олиш учун банкка ариза берганман, лекин ҳали-ҳамон ижобий натижа йўқ. Кредитнинг ўзини ҳам, фоизини ҳам тўлаб келяпман. Банк ходимларидан сўрасам, кредитингизни жорий йил 15 мартдан олдин олган бўлсангиз, имтиёздан фойдалана оласиз, кейинроқ олганларга имтиёз берилмайди, кредитни тўлиқ тўлашади, деб айтишди. Шунга аниқлик киритсангиз?”
Аввал маълум қилинганидек, бугун Марказий банк ахборот хизмати раҳбари Акмал Назаров иштирокида бўлиб ўтган брифингда ушбу саволга жавоб қайтарилди:

- Марказий банк тижорат банкларига карантин чекловлари даромадларига салбий таъсир этган мижозларнинг кредит тўловлари муддатини уларнинг мурожаатига кўра узайтиришни тавсия этди.
Бунда кредитларни қайси давргача олганлик билан боғлиқ ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган.
Бироқ кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланиши лозим.

Шу сабабли, келгусида қарз миқдори ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитини шартномада белгиланган муддатларда сўндириши мақсадга мувофиқлигини билдирамиз.
Қўшимча маълумот учун тижорат банкларининг ишонч телефонига ёки электрон манзилига мурожаат қилиш мумкин.