Кредит тарихи нима учун зарур?
Кредит тарихи ўзи нима? Сиз ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар, лизинг компаниялари, маиший техника, мебель ва шу каби дўконларнинг кредит хизматларидан фойдаланган бўлсангиз кредит тарихингиз мавжуд.
Кредит тарихи – бу Сизнинг қаердан, қайси кредит ташкилотидан, қанча миқдорда қарз олганингиз ва кейинчалик уни қандай тўлаганингиз тўғрисида батафсил маълумот. Яъни, бу Сизнинг қарз олувчи сифатида молиявий интизомингиз аксидир.
Бу нима учун керак?
Кредит тарихига асосан, қарздорларнинг молиявий ҳолати, шунингдек, қарзни қайтара олиш қобилияти баҳоланади, шунингдек, қарздорларнинг баҳолаш рейтинги тизими (скоринг) шаклланади.
Кредит скоринги — бу Сизнинг кредитни тўлай олиш қобилиятингизни балл бериш орқали баҳолаш тизими. Сизга бериладиган баллар муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд ёки йўқлиги, шунингдек, даромадлар, фаолият тури, ёш ва турмуш ҳолати ва бошқа шу каби омилларга боғлиқдир. Скоринг балини ошириш учун ўз кредит тарихингизни кузатиб боришингиз, қарз юки ҳажмини кўпайтирмасдан, мажбуриятларни ўз вақтида бажариб боришингиз зарур.
Кредит тарихингизни Ягона портал (my.gov.uz) орқали олиш имконияти мавжуд.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.