Латвия университети талабаларининг 50 фоизини хорижликлар ташкил этади

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Латвия табиий фанлар ва технология давлат университети ректори Ирина Пилвере бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди.

Мазкур университет билан Самарқанд ветеринария медицинаси институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми 2018 йилда имзоланганди. Ушбу келишув доирасида Европа минтақасидаги етакчи олий таълим муассасаси билан ўқув, амалиёт ва малака ошириш борасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, ушбу табиий фанлар ва технология давлат университети Латвиянинг Ялгава шаҳрида жойлашган. Ялгава мамлакат пойтахти Ригадан 40 километр узоқликдаги Лиелупе дарёси соҳилидаги кичик тарихий шаҳарча. Мазкур таълим муассасаси мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлайдиган ягона олий ўқув юрти сифатида танилган.

Университет ректори Ирина хонимнинг сўзларига кўра, таълим муассасаси 9 та факультетдан иборат. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт,  ветеринария медицинаси, ландшафт архитектураси, ўрмон саноатида бизнесни бошқариш ва педагогика йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлайди. Университетда 4000 нафар талаба таълим олаётган бўлса, уларнинг 50 фоизини хорижликлар ташкил этади.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.