Мактаб янги ўқув йилига тайёр эмас. Нега?
Мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлиги, эпидемиологик ҳолати, хавфсизлиги ва яратилган зарур шароитлар билан танишиш мақсадида жамоатчилик асосида Самарқанд шаҳрида жойлашган 47-умумий ӯрта таълим мактабида бўлиб, ҳолатни ўргандик ва мактаб янги ўқув йилига тайёр эмас, деган хулосага келдик.
Бунга бир неча сабаблар бор: мактаб биносининг асосий қисми шикастланган (авария) ҳолатида.
Мактаб директори Ш.Исматуллоева маълумотларига кўра, мактабда ён атрофда жойлашган 6 маҳалладан келадиган 1016 нафар ӯқувчилар таълим олади. Мактаб биносида 50 дан ортиқ синфхона мавжуд. Афсус, бугунги кунга қадар улардан фақатгина 21 синфхона таъмирланган ва янги ўқув йилига тайёрланган, холос.
Мактабларнинг анъанавий тарзда фаолияти йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилади. Бироқ ушбу мактабда эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилишнинг имконияти мавжуд эмас, шароит йўқ. Мактаб маъмуриятининг айтишича, соҳа мутасаддилари ҳозирча чора кӯришмаган.
Биринчидан, шароит тақозоси билан ижтимоий масофани сақлаш ва карантин чекловларига қатъий амал қилиш талаб этилаётган бир пайтда 1016 нафар ӯқувчи 21 синфхонада қандай таълим олишлари мумкин?
Иккинчидан, ўрганиш жараёнида мактаб маъмурияти ҳам мавжуд шароитда самарали фаолият олиб бориш қийинлигини таъкидлашди.
Учинчидан, мавжуд камчиликлардан хабардор бӯлган аксарият ота-оналар болаларининг мактабда анъанавий тарзда таълим олишига қарши ва онлайн тарзда таълим олишларининг тарафдори.
Тўртинчидан, мактаб маъмуриятининг билдиришича, мавжуд муаммолар тўғрисида шаҳар ҳокимлиги ва вилоят халқ таълими бошқармасига бир неча бор мурожаат қилишган. Бироқ мурожаатлар самарасиз қолган.
Баҳодир Раҳмонов,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.