Мактабларда янги ўқув йилида кийиладиган мактаб формалари учун олдиндан пул йиғиляпти. Шу тўғрими?
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида замонавий ягона мактаб формаси жорий этилиши кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Қарорда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантирилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказининг аҳолига қулай жойларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шаҳобчаларини ташкил этишлари, савдо шаҳобчаларининг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши белгиланган.
Мактаб директорлари ёки синф раҳбарлари томонидан ягона мактаб формасини сотиб олиш жараёнига аралашуви қатъиян тақиқланган. Ота-оналар янги формани ташкил этиладиган савдо шаҳобчаларидан сотиб олишлари лозим.