Мурожаатнома – инсон қадри ва халқ манфаатларини таъминлашга қаратилган дастурий ҳужжат
Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга қаратилган стратегик йўналишлар, сиёсий, иқтисодий ҳамда ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда қонун ижодкорлигига доир аниқ таклифлар ҳам илгари сурилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқиш анъанаси илк бор 2017 йил декабрь ойида жорий этилган бўлиб, унда кўтарилган масалалар ҳар йили кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги муҳим босқичини белгилаб берди. Ҳужжатда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар билан бирга, келгусидаги устувор вазифалар ҳам аниқ ва пухта асослаб берилди.
Мурожаатномада маҳалланинг жамият ҳаётидаги ҳал қилувчи ўрни, ижтимоий адолатни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, таълим ва инсон капиталига сармояни янада кучайтириш масалалари асосий ғоя сифатида белгиланди. 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳам халқпарвар ва узоқни кўзлаган изчил сиёсатнинг яққол намунасидир.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ва тарихий ташаббусни илгари сурди. Жумладан, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдошни учириш ҳамда мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога парвоз қилдириш бўйича амалий ишлар бошлангани таъкидланди.
Президент қайси йўналишда ислоҳотларни илгари сурмасин, таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратаётгани Мурожаатномада яна бир бор ўз тасдиғини топди. Таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшларни халқаро стандартлар асосида билим ва касб-ҳунарга эга қилиш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан экани алоҳида урғу билан қайд этилди. Илм-фан ривожи ва замонавий технологиялар асосида мамлакат тараққиётини таъминлашда таълим тизимига эътиборни кучайтириш энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Келгуси йилдан “Рақамли стартаплар” дастури кенгайтирилиб, стартап ғоясидан тортиб экспортгача бўлган жараённи қўллаб-қувватлайдиган янги тизим йўлга қўйилади. Шу мақсадда хусусий стартап марказларини ташкил этиш учун Ёшлар жамғармасидан беш йил муддатга 5 миллиард сўмгача фоизсиз ссуда ажратилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Марказий банк ҳузурида Финтех офиси ва Инновацион хаб ташкил этилиб, унга Сингапурдан мутахассислар жалб этилади. Натижада йилига 15–20 та финтех стартапни ташқи бозорга олиб чиқиш ва уларга жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, венчур фондлар, стартаплар ва финтех каби замонавий молиявий инструментлар бозорини ривожлантириш, мазкур соҳадаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқларини қонунчилик асосида кафолатлаш зарурлиги таъкидланди. Президент парламентни Ҳукумат билан ҳамкорликда “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишга чақирди.
Президентимиз ёшларни замонавий меҳнат бозорида рақобатбардош касб эгалари сифатида тайёрлашга алоҳида аҳамият қаратди. Шу муносабат билан касбий таълимнинг муҳим бўғини ҳисобланган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқиш вазифаси қўйилди. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та техникум тўлиқ таъмирланиб, замонавий технологиялар ва талаб юқори бўлган касбларга мос равишда жиҳозланади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий этилган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳамда “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади. Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа таълим муассасалари учун методик ва амалий база вазифасини бажарса, “Касблар шаҳарчаси” мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ва “яшил” энергетика соҳаларидаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Техникумлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Жумладан, “дуал таълим” тизимини самарали жорий этган корхоналарга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши, тадбиркорлик рейтингида қўшимча баллар берилиши, ишга қабул қилинган техникум ўқувчилари учун ижтимоий солиқ имтиёзи узайтирилиши назарда тутилди. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб “дуал таълим” асосида ўқиётган 100 минг нафар ўқувчига илк бор стипендия тўланади, юқори натижа кўрсатган ўқувчиларга эса оширилган миқдорда стипендия ажратилади.
Умуман олганда, Мурожаатнома ҳар бир фуқаро, бутун жамият ва давлат органлари олдига катта масъулият юклайди. Унда белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш ва ислоҳотлар натижаларини аҳоли ҳаётида амалда намоён этиш Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Худойназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, биология фанлари доктори, профессор.