Нарпай тумани ҳокими чемпионни уйига бориб табриклади

Жорий йилнинг 13-15 сентябрь кунлари Ҳиндистоннинг New-Delhi шаҳрида самбо кураши бўйича 65 килограмм вазнда Осиё чемпиони бўлган нарпайлик Лочинбек Худойқулов ҳақида аввал хабар бергандик.

Бугун чемпионни қутлаш учун бир гуруҳ фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари Нарпай тумани Дўстлик маҳалласига ташриф буюрди.

Тадбирда туман ҳокими Ботир Жабборов Л.Худойқуловни туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ва совғалар билан тақдирлади. Йиғилганлар чемпион ўғил ўстирган Зоҳид ака ва унинг турмуш ўртоғини улкан ғалаба билан қутлаб, Лочинбекнинг зафарлари бардавом бўлишига тилак билдирди.

Қайд этиш лозимки, оилада ёлғиз фарзанд бўлган Лочинбек 7 ёшидан миллий кураш, 10 ёшидан самбо билан шуғулланиб келади. Айни дамда 18 баҳорни қарши олган Осиё чемпиони 2012 йилда миллий кураш бўйича Ўзбекистон биринчилигида ҳам ғолиб бўлган.

- Бугун устозларим - Самарқанд шаҳар Боғишамол олимпия захиралари спорт коллежи мураббийлари Аъзамжон Исомов, Асқар Ибрагимовлар кўмагида катта мусобақаларга тайёргарлик кўряпман, - дейди Л.Худойқулов. – Туман ҳокимининг шахсан хонадонимизга келиб, эришган ютуғим билан қутлаши мени янги марралар сари руҳлантирди.