Ижтимоий сўров натижалари юзасидан Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова изоҳ берди
Ўтган ҳафта zarnews.uz сайти ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида "Фарзандингизни мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда қандай муаммога учраяпсиз?", деган савол билан ижтимоий сўров ўтказдик.
Сўров натижалари юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова қуйидагича изоҳ берди:
- Тўғри, давлат мактабгача таълим муассасаларига навбатга қўйишда муаммолар бор. Чунки болаларни боғчага қамраб олиш учун етарлича ўрин яратилмаган. Бугунги кунда 305 минг нафар 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг 74 мингтаси давлат мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия олмоқда. Жорий йилда давлат - хусусий шериклик асосида, оилавий ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ҳисобига 75 мингта ўрин яратиш режалаштирилган.
Боғчаларда асосан йилнинг май-август ойларида, болалар мактабларга чиқаётганда жой бўшайди. Бу ҳам ота-оналарнинг ойлаб навбат кутишига сабаб бўляпти. Шуни таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги "Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига кўра, болалар давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатга олинади. Ушбу органларнинг веб-сайтида муассасалардаги ўринлар сони ва бўш ўринлар мавжудлиги бўйича маълумотлар ҳар ойда янгиланади. Кўп ҳолларда ота-оналар навбатга аҳамият беришмайди. Ваҳоланки, шу ҳудуддаги бошқа боғчада бўш ўрин бўлиши ҳам мумкин. Ёки имтиёзлардан фойдаланилмаган ҳолатлар ҳам учрайди. Юқоридаги қарорга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг, уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг, ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг, талабалар ва педагогларнинг, етим болалар ёки ота-она қаровисиз қолган, бошқа муассасалардан ўтказилган, акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар навбатсиз йўлланма олиш имкониятига эга.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.