Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.

Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда ташқи сиёсат соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар. Президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мавжуд салоҳиятлардан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш мақсадида такомиллаштириш йўлида мақсадли иш олиб боришга келишиб олдилар.

Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қозоғистон Президенти халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини таъкидлади.