"Шаҳ адли уйини айлайин деб маъмур"

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида бўлиб ўтган навоийхонликда буюк мутафаккир ушбу мисрасида ўзининг маърифий фаолиятининг асосий шиорини айтган, деган фикрга келинди.
Ака-ука тадқиқотчилар Ҳасанхон ҳамда Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажиднинг "Навоийдан чу топқайлар навое" китоби асосида шоир ва ҳадисшунос илмий меросига мурожаат қилинди. Китоб муаллифларидан бири Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, авваламбор, Алишер Навоий ижодиётининг маърифий йўналишлари, хусусан, шариат, тариқат илмидаги хизмати хусусида сўз юритди. Жумладан, Алишер Навоийнинг илму одоб тўғрисидаги қарашлари, бу ҳақдаги айрим асарлари таҳлил этилди. Шоир ғазалларидаги маъжозий образлар ҳақида маълумотлар берилди.
Филология фанлари доктори, профессор Эркин Мусурмонов Навоий асарларида маънавий поклик мавзусининг акс этиши ҳақида хулосалар берди. Нотиқ - Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев аллома ижодининг Мовароуннаҳрдаги бошқа адиблар ижодига ижобий таъсирини мисоллар орқали келтириб ўтди. Шунингдек, Навоий асарларидаги маъжозий образлар ҳамда уларнинг илмий таснифи ҳақида фикр юритди.
Навоийхонлик доирасида самарқандлик ижодкор Фармон Тошевнинг тўрт томлик сайланма асарлари китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
- Ҳар йили шу пайтда ҳадис илми марказида маслакдошларимиз билан биргаликда ана шундай тадбир ўтказамиз, - дейди давра ташкилотчиси Фарҳод Холиқов. – Унда Мисрдан ташриф буюрган ҳадисшунос олимлар, марказ талабалари ҳамда вилоятимизнинг мумтоз адабиёт етакчи олимлари иштирок этади. Назаримда бундай давраларни маҳалла ва қишлоқларда, олий ўқув юртларида ҳар ойда ўтказиб туриб, кенг оммани Алишер Навоийнинг бетакрор меросидан, хусусан, одоб ва аҳлоққа оид қарашларидан хабардор этиш имкони туғилади.