“Занжирбанд шер” тилсими ёхуд Навоий динсизликни, майхўрликни тарғиб қилмаган
Фаридиддин Атторга кўра, жисм “от” бўлса, руҳ “суворий” ҳисобланади. “От” кўзга кўринади, “суворий” эса латиф бўлиб, кўзга кўринмайди. Алишер Навоий ана шу “суворий”ни ёддан чиқармаслик мақсадида занжирбанд шернинг расмини чизган ва унга тез-тез назар солиб, тафаккурини “созлаган”.
Бизга яқингача Алишер Навоийни фақат шоир сифатида танитишган. Лекин у, аввало, Нақшбандия тариқатининг етук олими, тасаввуф таълимотини мукаммал эгаллаган донишманд бўлган. Замондошлари уни “Низомиддин Мир Алишер”, дея улуғлаган. Маълумки, “Низомиддин” арабчада “диёнат низоми”, “динни тартибга солувчи”, деган маъноларни англатади. “Мир” эса “амир” сўзининг қисқартмасидир. Демак, Алишер Навоий ўз даврида диний уламо, яъни дину диёнат амири сифатида танилган.
Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошён бўлмас эмиш
Улуғ бобокалонимизга тегишли бу сатрлар ҳам тасаввуфий рамзлардан иборатдир. Жумладан, ундаги “Ғурбат” - тана, “Ғариб” - руҳ, “Олтин қафас” - от, “Булбул” - суворий, “Эл” - танадаги қўл ва оёқларни англатади. Бундан кўриниб турибдики, у ижодида зоҳирий илм билан бирга руҳ билан боғлиқ (“илми ҳол”, яъни илоҳий) тасаввуфий қарашларини ҳам баён этган.
Тасаввуф илмида тарбия таълимдан устун қўйилганлиги сабабли Алишер Навоий ҳам кўп вақтини имон-эътиқодга чорловчи ахлоқий асарлар яратишга сарфлаган. Унинг шеърларидаги барча ҳикматлар Аллоҳнинг каломи ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в) дан мерос ҳадислардан сув ичади.
Афсуски, шўро тузуми даврида унинг асарлари онгли равишда нотўғри талқин қилинди. Шу йўл билан улуғ бобокалонимизнинг ижодидан ўзимизга қарши қурол ясашди:
Зоҳид сенга ҳур, менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак.
Бу сатрлардаги тасаввуфий рамзларни тан олмай, бобокалонимизга туҳмат қилишди ва дин аҳлини “ахмоқ зоҳид” дейишди. Бошқаларни эса Алишер Навоий “айтганидек” маишат қилиб қолишга ундашди.
Ҳолбуки, тасаввуф таълимоти билан танишган ғарб маданиятининг илғор вакилларидан бири – Гёте бундан анча олдинроқ, “Форсийлар ёлғиз етти шоирни (тасаввуф илми шоирлари назарда тутилган) буюк, деб тан олишади. Шу қаторга кирмаганлари орасида ҳам мендан устунлари озмунча эмас...”, дея улуғларимиз заковатини тан олган эди.
- Биз европаликлар, - дея фикрини давом эттиради у. – Ўзимизни анча маданиятли халқ деб ҳисоблаймиз. Лекин биз яратган маданият Муҳаммад алайҳиссалом яктагининг ямоғига ҳам арзимайди.
Алишер Навоий зуллисонайн бўлиб, форсийда ҳам кўплаб бебаҳо асарлар яратган. Асосийси, у ҳар икки тилда ҳам халқни Ҳаққа йўналтиришга, гуноҳлардан тийилишга ундаган. У илм, маърифат, ибодат, ахлоқ ва инсонийликда замонасига намуна бўлган. Бошқача айтганда, ўрта аср ренессанси даврида Навоий ва бошқа авлиёларимизнинг баракаси миллатимиз бошига ёғилиб турган.
Алишер Навоийнинг бизга қолдирган бебаҳо меросини тўлиқ англаш учун Навоий ва тасаввуф таълимоти орасидаги тугунни ечишимиз, мавжуд луғатларни тасаввуф таълимоти қоидалари асосида қайта тузиб чиқишимиз лозим. Навоий ва бошқа тасаввуф илми намояндаларининг ижодини тўғри англашни бошласак, миллатимиз зеҳнини илм нури янада нурафшон қилиши шубҳасиз.
Тўрабой Ҳайитов.