Ҳарбий спортчилар триатлонда куч синашади

“Ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида триатлон бўйича ҳарбий спортчилар ўртасида 25-жаҳон чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди.

Дастлаб ушбу нуфузли мусобақанинг аҳамияти ва юбилей чемпионати айнан тарихий шаҳар - Самарқандда ўтказилаётгани ҳақида гапирилди ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи ҳамда халқаро ҳарбий спорт Кенгаши байроғи тантанали кўтарилди.

Тадбирда мусобақа ташкилотчилари сўзга чиқиб, ушбу нуфузли чемпионат иштирокчиларига муваффақият тилади. Сўнгги йилларда спортга қаратилаётган эътибор, эришилаётган натижалар эътироф этилиб, Самарқанд нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиб келаётгани, шаҳар нафақат тарихий ва маданий марказ, балки халқаро спорт майдонига айланиб бораётгани таъкидланди.

Шундан сўнг халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISМ) Бош котиби Роберто Реччия ҳамда триатлон спорт қўмитаси президенти Виктор Лопес Антолин “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедовга халқаро ҳарбий спорт кенгашининг “фахрий ордени” топширилди.

Тадбир давомида концерт дастури намойиш этилди.

Эртага жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.