Пайариқ туманининг собиқ ҳокими янги лавозимда иш бошлади

Хабарингиз бор, шу йил 5 август куни вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Шунқор Худойбердиев Пайариқ тумани ҳокими этиб тасдиқланганди.

Ўша сессияда лавозимидан озод қилинган Жабборов Исроил Исмоилович бугун Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади.

Исроил Жабборов 1982 йилда Ургут туманида туғилган. 2004 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ахборот-тарғибот бўлими консультанти сифатида бошлаган. Шунингдек, 2005-2006 йилларда Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежи ўқитувчиси бўлган.

2006-2012 йилларда вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти референти, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири, вилоят ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.