Илмий жиҳатдан имконсиз, лекин ҳақиқатда мавжуд жойлар
Ҳа, илмий жиҳатдан имкони йўқ бўлган табиат ҳодисалари хаёл ёки илмий фантастика маҳсули эмас, балки инсон тушунчаси чегараларини кенгайтирадиган ҳақиқий жойлардир. Олимлар уларнинг қандай ишлашини тушунишга ҳаракат қилади, биз эса фақат улар ҳақида билиб олиб, бу жойларнинг ўзига хослигидан ҳайратга тушишимиз мумкин.
Қайнар дарё

Перу Амазонка тропик ўрмонининг қоқ марказида бошқа ҳеч нимага ўхшамайдиган дарё бор. Унинг номи қайноқ нуқта - Фаренгейт бўйича 200, Цельсий бўйича 93 даражага етадиган ҳароратидан келиб чиқиб, қайнар дарё деб аталади. Маҳаллий аҳоли уни "Ченет Теска" деб атайди.
- Бу дарё шунчалик кучли буғ чиқарадики, юқорига қараган киши том маънода буғ қаерда тугаб, булутлар қаердан бошланишини билмай қолади, - дейди тадқиқотчи Васкес Эспиноса.
Қайноқ дарё нафақат ғаройиб маскан, балки катта илмий сирдир. Олимлар оқаётган сувнинг қандай қизиб кетиши мумкинлиги ва ҳарорат ҳудуддаги ўсимликлар ва ҳайвонларга қандай таъсир қилишини ўрганишмоқда. Бу эса ечилишини кутаётган ўрмон ўртасидаги буюк сирга ўхшайди.
Ўзи юрар тошлар
Сирли ҳаракатланувчи йирик тошлари чангли чўлда узоқ излар қолдирадиган “Плейя Рэйстрэк” қуруқ кўли Калифорниядаги Ўлим водийси миллий боғида жойлашган.
Бироқ сўнгги илмий тадқиқотлар баъзи тушунтириш ва изоҳлар қилиш имконини берди. Ажабланарлиси, бу ғалати ҳодиса фақат маълум қиш шароитида, Плейя кристалланиб, юпқа муз қатлами билан қопланганда ва эрталаб қуёш чиқиб, бундай муз эриб, силлиқ сирт ҳосил бўлганда содир бўлар экан.
Кейин, шамол эсади ва ўнлаб метр узунликдаги бу сузувчи муз панеллари тошларни дақиқасига 2-5 метр тезликда суради. Ҳаракатланиш жараёни тушуниб олинганлигига қарамай, бу жинсларнинг нима учун ҳаракат қилиш сирлари ҳали ҳам очилмаган.
Буюк Мовий туйнук

Марказий Американинг шарқий соҳилидаги Белиз давлатига тегишли айлана шакл катта Буюк Мовий туйнукнинг майдони 318, чуқурлиги 124 метрга тенг. Бу туйнук миллионлаб йиллар олдинги сўнгги муз даврида денгиз сатҳи пастроқ бўлган даврда ҳосил бўлиб, ўзига хос сув ости ғорига айланган.
Дунёдаги энг ажойиб шўнғиш жойларидан бири 1970 йилларда «Сайёрадаги дайвингчилар жаннати» деб атаган Жак-Ив Кусто томонидан машҳур қилинган.
Буюк Мовий туйнук, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шу сабабли, ушбу жойга бориш одамларга тарихни ўрганиши ва Ернинг ноёб хусусиятларини сақлаб қолишга ҳисса қўшишига ёрдам беради.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.