Қиш, автобус ва инсоф

Қиш. Шаҳноза эгилибгина автобусга чиқди. Бўйлари узун, кўҳликкина бу қизнинг ушбу ҳолатидан автобусдагилар илжайиб қўйди.

Қиз йигитнинг ёнидаги бўш жойга ўтирди:
- Яхши қиз, мана бу "форточка"ни ёпиб юборинг, шундоқ қўлингизни чўзсангиз етаркан.
Бу гапдан автобус орқасида тўпланиб турган бир талай болалар бақириб кулиб юборишди. Қиз бор қаҳр-ғазабини тўплаб йигитга сочди:
- Уятсиз, сени ҳам она туққан-ку, безбет!
Aвтобус ортидан эса пичир-пичир овозлар эшитилди:
- Ҳаҳ, уятсиз. Қиз боплади. Бу ёшлар жаа бетарбия бўлиб кетишяпти, беадаб.
Қишнинг аччиқ шамоли яна бир бекат автобус ойнасидан эсиб турди. Қиз олдида жим кетаётган "безбет" дир-дир титраса-да, туриб деразачани ёпишга унамади.
- "Зиёлилар" бекати! Тушадиганлар келинг, - автобус чипта тарқатувчиси чақириғидан йигит ёнида турган қўлтиқтаёғини олди-ю, авайлабгина автобусдан тушиб кетди...
Қиз унинг ортидан ҳайратланганча бир зум қотиб қолди.
- Оббо, қиз қурғур-е, ўзи кўнгли ярим бечора йигит экан. Дилини оғритибди. Инсоф ҳам қолмаган одамларда..., — автобус ортидан яна ўша таниш овозлар эшитилди.

Aзизбек Aбдалимов.