Иқлим ўзгаришлари ва унинг ечими ёшлар нигоҳида

Самарқандда ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида бугун қадимий шаҳарда ЮНЕСКОНИНГ 14-Ёшлар форуми ўз ишини бошлади.

ЮНЕСКО ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган форум ёшларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғояларини глобал миқёсда илгари суриш ва барқарор келажакни шакллантиришда йигит-қизларнинг овозини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда иштирок этиш учун дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан келган 150 нафар ёш етакчилар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари “Иқлим ҳаракати ва унинг ижтимоий таъсири, айниқса, ёшлар учун” мавзуси юзасидан ўзаро фикр алмашиши кўзда тутилган.

Форумнинг очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош директорининг ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича ёрдамчиси Лидия Брито, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти мудири ўринбосари Элмурод Нажимов, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги бош директори Алишер Саъдуллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, иқлим ўзгариши, экологик муаммолар бугун глобал масалага айланиб, дунёдаги барча мамлакатлар ҳукуматини ўйлантираётгани, экологик инқироз кўплаб ҳалокатларга сабаб бўлаётганини таъкидладилар. Бундай вазиятда бугун ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларнинг ташаббус ва ғояларини эшитиш, уларнинг фикрларига қулоқ тутиш жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, форумда муҳокама қилинадиган масалалар, ўртага ташланадиган ташаббуслар ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси тадбирларида эътиборга олинади, турли халқаро ташкилотлар вакиллари ва давлатлар делегациялари иштирокида кўриб чиқилади.

 – Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКОнинг таълим, фан ва маданият соҳалари билан бир қаторда экологик масалалар бўйича чақириқ ва даъватларини ҳам қўллаб-қувватлаб, бу борада қатъий позициясини намоён этиб келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти мудири ўринбосари Элмурод Нажимов. – Буни 2025 йилнинг юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил" иқтисодиёт йили” деб номлангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Йил номидан келиб чиқиб тасдиқланган давлат дастури асосида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жорий йил бошида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан илк бор Орол маданияти саммити ўтказилди, дунёнинг турли давлатларидан ёшларни бирлаштирган “Орол мактаби” таълим дастури ишга туширилди. Бу каби тадбирлар орқали биз барқарор ривожланишга тўсиқ бўладиган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг таъсирини юмшатишга эришяпмиз.

“Generation of Action” (акцияни бошлаш) шиори остида ўтказилган очилиш маросимида турли давлатлар вакиллари иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва экологик муаммоларнинг ечимлари бўйича ташаббус ва ғояларини илгари сурдилар, инновацион ечимлар таклиф этилди.

Жумладан, испаниялик Карлото Бруно ишлаб чиқариш ва саноатнинг ривожи экологияга зарар етказмаслиги, замонавий технологиялардан фойдаланишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш зарурлигини таъкидлади. Ҳатто, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи қанчалик долзарб бўлмасин, мазкур йўналишдаги саноатда ҳам экологик мувозанат бузилишига йўл қўйиб бўлмайди.

Мамлакатимиз вакили Гулназ Абутова Қорақалпоғистон мисолида Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, мазкур ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Форум давом этмоқда.