Олий суд раисининг биринчи ўринбосари аёлларни эшитди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Р.Маҳмудова Каттақўрғон шаҳрида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда асосан Каттақўрғон шаҳри ва Каттақўрғон туманида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, тадбиркор аёлларнинг муаммолари тингланди.

Шаҳарнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи С.Соҳибова турмуш ўртоғи хорижга ишлаш учун кетиб, қайтиб келмаётгани, ўзи рўзғор таъминоти ва фарзандлари таълим-тарбиясида қийналаётганини билдириб, эрини чет элдан қайтаришда ёрдам сўради. Бу масала билан ички ишлар бўлими шуғулланадиган бўлди.

Шу маҳаллада яшовчи З.Халилова эса жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб қайтган ўғлини ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилди. Ишсиз фуқаро бандлигини таъминлаш шаҳар ҳокимлиги зиммасига юкланди.

Ҳайдарчаман ва Баҳористон маҳаллаларида яшовчи Г.Қаҳҳорова, М.Камолова, П.Бахтиёрованинг оилавий келишмовчиликлар масаласида мурожаати шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этишга келишилди.

Суд идоралари фаолияти билан боғлиқ масалалар шу ернинг ўзида мутасаддилар иштирокида ҳал этилди. Қабул давомида Р.Маҳмудова 27 нафар хотин-қиз муаммоларини эшитди. Қайд этилган масалаларни ҳал этиш юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланди.

Самарқанд вилояти суди жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, сайёр қабулдан сўнг Р.Маҳмудова Каттақўрғон шаҳридаги маҳаллаларда яшовчи “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган бир гуруҳ хотин-қизларнинг хонадонига бориб, уларга тикув машинаси ҳамда байрам совғалари улашди.