Ўзбекистон-Франция ҳамкорлиги бўйича 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди

Франция Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлат. 1992 йил 1 мартда Франция ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Баённома имзоланган.

Мамлакатимиз ташқи сиёсати концепциясида Франция билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бугун икки давлатнинг ўзаро манфаатдорлик ва ҳурматга асосланган дўстона муносабатлари жадал ривожланмоқда.

Умуман, Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо-сотиқ ва дўстона алоқалар ХV аср бошларида Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI га ёзган мактуби билан бошланган. Чунки бу пайтда Усмонли туркларнинг босқинчи қўшинлари Европа давлатларига катта таҳдид солиб турган эди. Шу сабабли Амир Темур ва Европа монархлари ташқи хавф бўлган Усмонли империясига қарши бирлашишга ҳаракат қилди. Темурийлар Усмонли душманларни йўқ қилишда Европа давлатларини ўзига иттифоқчи деб билди. Бу Амир Темурнинг 1402 йилда Франция ҳукмдорига битган мактубида ўз аксини топган. Уларнинг ўзаро ёзишмаларига оид қисмлар Франция давлат архивида сақланмоқда. Амир Темур мактубларида Карл VI нинг Шарқий давлатларга нисбатан сиёсатини ёқлаб, ўзаро савдо-сотиқ алоқаларини ривожлантиришга аҳамият қаратади.

1993 йил 27 октябрда Франция ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланади. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси 1992 йилда очилди ва 1995 йил Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Ўзаро алоқалар, делегацияларнинг ташрифлари йўлга қўйилди. 1993 йил 27 октябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Францияга давлат ташрифи давомида имзоланган бир қатор шартномалар икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилди.

1994 йил апрелда эса Франция президенти Франсуа Миттераннинг юртимизга қилган давлат ташрифи олий даражадаги сиёсий муносабатларга йўл очди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Франция президенти Эммануел Макрон таклифига биноан расмий ташриф билан биринчи марта Францияда бўлди. Ушбу ташриф давомида икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар, парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялар ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

2022 йил 21 ноябрда давлатимиз раҳбари Франция Президенти таклифига биноан яна Францияга борди. Бу ташриф давомида ҳам иккала томонга манфаатли бўладиган савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-тарихий, таълим тизими ва давлат хизматларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари имзоланди. Лувр музейида бўлиб ўтган кўргазма Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб этишда катта аҳамият касб этди. Бу нафақат Ўзбекистон ва Франция халқлари, балки бутун Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

2023 йил ноябрда Франция президенти Эммануел Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Музокаралар Самарқанд шаҳрида ўтказилиб, 8 та муҳим ҳужжат имзоланди. Бу ҳужжатлар самарасида Самарқандда Француз алянси мактаби очилди. Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий баённома расмийлаштирилди.

Давлатимиз рағбарининг Францияга бу галги олий даражадаги ташрифи доирасида жорий йилнинг 10-март куни Париж шаҳрида “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусида қўшма конференция ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Франциянинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан ва таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Франция Олий таълим ва тадқиқотлар вазирлиги Европа ва халқаро департаменти бошлиғи Маниел Боире анжуман ишига омад тилади.

Тадбир доирасида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, талабалар алмашинувини кенгайтириш бўйича 20 дан ортиқ шартномалар имзоланди. Хусусан, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик маркази ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Шунингдек, СамДЧТИ ректори Баҳодир Холиқов Франциянинг Пол Валери номидаги Монпеле университети ректори Анне Фраиссе ўртасида илм-фан ва таълим соҳасини янада ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб борилди. Музокаралар якунида имзоланган битимга мувофиқ Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури Кей Аcтион гранти ёрдамида 2027 йилгача бўлган муддатда икки олий таълим муассасаси ўртасида талаба алмашинуви, докторантлар стажировкаси ва профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ўқув амалий курсларини ташкил этиш белгиланди.

У.БОБОEВ,

СамДЧТИ кафедра мудири, доцент.

Г.АЪЗАМОВА,

СамДЧТИ докторанти.