Воқелик ва ахборот орасида: ҳақиқатни қандай англаймиз?
Баъзан инсон воқеликнинг ўзига эмас, балки у ҳақда такрор ва такрор тақдим этилаётган тасаввурга асир бўлади. Бир хабарнинг муттасил такрорланиши, ҳиссиётга таъсир қилувчи сарлавҳалар ва кескин талқинлар муайян ҳодисани онгимизда ҳаётнинг асосий манзарасига айлантириши мумкин. Ушбу мулоҳазада «ахборот тузоғи» деганда ахборот оқими таъсирида воқеликни бирёқлама қабул қилиш ҳолатини назарда тутамиз.
Миллионлаб инсонлар яшайдиган жамиятда турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг учраши — мавжуд ижтимоий воқелик. Бу ҳолат уларни оқлаш ёки аҳамиятини камайтириш учун асос бўла олмайди. Ҳар бир жиноят ортида инсон тақдири, жабрланувчининг дарди ва адолатга бўлган эҳтиёж туради. Бироқ муаммонинг кўламини англаш учун алоҳида воқеаларнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ишончли статистика, аҳоли сонига нисбатан кўрсаткичлар, вақт давомидаги ўзгаришлар ва қиёсий таҳлил зарур.
Ахборот маконида эса баъзан бошқача манзара шаклланади: муайян турдаги жиноят ҳақидаги хабарлар кун сайин такрорланади, уларнинг ҳиссий таъсири кучайтирилади, бир воқеа турли платформаларда қайта-қайта тарқатилади. Натижада хабарларнинг кўплиги ҳодисаларнинг кўплиги сифатида қабул қилиниши мумкин. Ваҳоланки, ахборотнинг тарқалиш суръати билан воқеанинг содир бўлиш частотаси бир хил ўлчов эмас.
Шундай шароитда жамоатчилик муҳокамаси ҳам кўпинча далиллардан кўра таассуротлар атрофида кечади. Одамлар баҳслашади, бир-бирини айблайди, кескин хулосалар чиқаради. Аммо энг муҳим саволлар очиқ қолади: муаммонинг ҳақиқий кўлами қандай? Унинг сабаблари нималардан иборат? Қайси омиллар уни кучайтирмоқда? Таклиф этилаётган чоралар шу сабабларга таъсир қила оладими?
Жамоатчиликнинг ташвиши бошқарув қарорларида инобатга олиниши табиий ва зарур. Лекин ҳиссий босим остида шаклланган талаблар етарли илмий таҳлилсиз ҳуқуқий ёки маъмурий чораларга айланса, кутилмаган оқибатлар юзага келиши мумкин. Яхши ният билан қабул қилинган чоранинг самараси ҳам унинг асосланганлиги, мутаносиблиги ва амалда қандай қўлланишига боғлиқ.
Шу боис ҳар қандай қонун ёки қарорни қабул қилишдан аввал унинг эҳтимолий таъсирини баҳолаш, жорий этилганидан кейин эса натижаларини мунтазам ўрганиш лозим. Белгиланган мақсадга эришилдими? Муаммо камайдими ёки бошқа кўринишга ўтдими? Янги қийинчиликлар пайдо бўлмадими? Оилавий муносабатлар, бола тарбияси, таълим муҳити ва жамиятдаги ўзаро ишончга қандай таъсир кўрсатилди? Бундай саволларга тахминлар билан эмас, текшириладиган далиллар билан жавоб бериш керак.
Оилавий беқарорлик, таълим сифатининг пасайиши ёки қадриятлар заифлашуви каби мураккаб жараёнларни битта ахборот оқими ёхуд алоҳида қарор билан изоҳлаш етарли эмас. Аммо ахборот сиёсати ва бошқарув чораларининг ушбу жараёнларга таъсирини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бу муносабатлар холис, тизимли ва илмий тадқиқотни талаб этади.
Оммавий ахборот воситаларининг масъулияти хабарни тез етказиш билан тугамайди. Маълумотнинг ҳаққонийлигини текшириш, воқеани зарур контекстда ёритиш, факт билан талқинни ажратиш, жабрланувчининг шаъни ва шахсий ҳаётини ҳурмат қилиш ҳам шу масъулиятнинг таркибий қисмидир. Ҳақиқий воқеа ҳақидаги хабар ҳам муҳим тафсилотларсиз ёки бўрттирилган талқинда берилса, ўқувчида нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин.
Айниқса, ёш авлодга таъсир қилувчи ахборотни тарқатишда эҳтиёткорлик зарур. Зўравонликни томошага айлантирувчи, инсон қадрини камситувчи ёки болалар учун номақбул тафсилотларни ўз ичига олган материалларга нисбатан ёшга мос огоҳлантиришлар ва асосланган чекловлар қўллаш масаласи муҳокама қилиниши мумкин. Бундай чоралар аниқ мезонларга таяниши, ахборот олиш ҳуқуқи ва очиқ муҳокама имкониятини ҳам ҳисобга олиши лозим.
Ахборот тузоғидан чиқиш масъулияти фақат журналист, тадқиқотчи ёки қарор қабул қилувчи зиммасида эмас. Ҳар биримиз ўқиётган, кўраётган ва улашаётган маълумотимизга онгли муносабатда бўлишимиз керак. Манба ишончлими? Хабарда текшириладиган далил борми? Бу янги воқеами ёки аввалги хабарнинг такрорими? Сарлавҳа мазмунга мосми? Менинг муносабатим билимга таяняптими ёки бир лаҳзалик ҳиссиётга?
Шу маънода, ҳар бир ахборотни КЕРАК–КЕРАКСИЗ, ФОЙДАЛИ–ФОЙДАСИЗ, РОСТ–ЁЛҒОН мезонлари асосида баҳолаш одатини шакллантириш муҳим. Айни пайтда, ҳаққонийлиги ҳали тасдиқланмаган маълумотни дарҳол рост ёки ёлғон деб ҳукм қилишдан тийилиш ҳам ахборот маданиятининг белгисидир.
Бу мулоҳазалар бирор жиноятни оқлаш ёки жабрланувчининг дардини кичрайтиришга қаратилмаган. Мақсад — муаммонинг асл сабабларини англаш, унинг кўламини холис баҳолаш ва ечимни илмий асосда излаш. Жамиятнинг дардини ёритиш масъулият талаб қилади; уни ҳиссий шов-шувга айлантириш эса ечим топишни қийинлаштириши мумкин.
Ахборот инсонга воқеликни англашда ёрдам бериши керак. Бунинг учун хабарга эътибор билан, далилга талабчанлик билан, хулосага эса масъулият билан ёндашиш лозим.
Алишер Эрназаров,
Тошкент кимё-технологиялари университети
Самарқанд филиали магистратура бўлими бошлиғи.