Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 505 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2652 бемор рўйхатга олинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, охирги бир кунда яна 60 бемор тузалган ва реабилитация марказларига ўтказилган.
Шундай қилиб, жами 2136 нафар, яъни 80 фоиз бемор тўлиқ соғайган. Аҳамият берган бўлсангиз, дунё бўйича ушбу касалликдан соғайиш даражаси 37 фоиздан бир мунча ортиқроқ. Биздаги ижобий ўзгаришлар, албатта, барчамизни қувонтиради. Шифохоналарда даволанаётган 505 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Карантин тадбирлари давом этяпти. 46 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Охирги бир куннинг ўзида 14 минг 700 дан, жами 460 мингдан кўпроқ ҳолатда лаборатория текширувлари ўтказилган.
Республика комиссияси томонидан карантин муддати 1 июнга қадар узайтирилганидан хабар топдингиз. Карантин тадбирлари юмшатилган бўлишига қарамасдан, биз унга риоя этишимиз керак. Қачонки, карантин тадбирларига риоя этсаккина, вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин бўлади. Ортиқча мулоқотлар, ортиқча эҳтиётсизлик яна касаллик авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Буни ҳеч қачон ёддан чиқарманг!